Al-An'am surasi, 52-oyat

6:52

وَلَا تَطۡرُدِ ٱلَّذِينَ يَدۡعُونَ رَبَّهُم بِٱلۡغَدَوٰةِ وَٱلۡعَشِيِّ يُرِيدُونَ وَجۡهَهُۥۖ مَا عَلَيۡكَ مِنۡ حِسَابِهِم مِّن شَيۡءٖ وَمَا مِنۡ حِسَابِكَ عَلَيۡهِم مِّن شَيۡءٖ فَتَطۡرُدَهُمۡ فَتَكُونَ مِنَ ٱلظَّٰلِمِينَ ٥٢

Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганларни ҳайдама! Уларнинг ҳисобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ. Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма. 14

Izohlar

14 («Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганлар» ижтимоий ҳолатлари қандай бўлишидан қатъий назар, ҳатто дунёдаги энг фақир-камбағал одам бўлсалар ҳам, олиймақом инсон ҳисобланадилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом бойларнинг гапига кириб, уларни ўз ҳузурларидан ҳайдашга ҳақлари йўқ. Уларнинг камбағалликлари Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг зиммаларига қўшимча вазифа юкламайди. Камбағалликлари — ўзларига. Уларнинг ризқини Аллоҳ беради. Шунингдек, улар Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг ризқларидан масъул эмаслар. У кишига ҳам ризқни Аллоҳ беради. Ёки Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом улар билан ўтирсалар, камбағал, уларни ҳузурларидан ҳайдаб, бойларга юз бурсалар, бой бўлиб қолмайдилар.)

Tafsir

Эй Пайғамбар, эрта-ю кеч Парвардигорларига ихлос билан ибодат қиладиган зотларни ҳузурингиздан ҳайдаманг! Мушрикларнинг казо-казолари билан овора бўлиб, уларни қувманг. Ўша фақирларнинг ҳисоб-китобларидан бирон нарса сизнинг зиммангизда эмас, ҳаммаси Аллоҳнинг зиммасида ва сизнинг ҳисоб-китобингиздан бирон нарса уларнинг зиммаларида эмас. Сиз уларни ўзингиздан узоқлаштирсангиз, Аллоҳ белгилаб қўйган ҳадлардан ошган тажовузкорлардан бўлиб қоласиз.