ذَٰلِكَ أَدۡنَىٰٓ أَن يَأۡتُواْ بِٱلشَّهَٰدَةِ عَلَىٰ وَجۡهِهَآ أَوۡ يَخَافُوٓاْ أَن تُرَدَّ أَيۡمَٰنُۢ بَعۡدَ أَيۡمَٰنِهِمۡۗ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَ وَٱسۡمَعُواْۗ وَٱللَّهُ لَا يَهۡدِي ٱلۡقَوۡمَ ٱلۡفَٰسِقِينَ ١٠٨
Ана шундай қилмоқлик, гувоҳликни ҳаққоний адо этишларига ёки қасамларидан сўнг раддия қасам бўлишидан қўрқишларига яқинроқдир. Аллоҳга тақво қилинглар ва қулоқ осинглар. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас. 53
Izohlar
53 (Яъни, юқоридаги икки оят кўрсатмаларига амал қилмоқлик, аввало, гувоҳликни ҳаққоний адо этишларига яқинроқдир. Намоздан кейин кўпчилик ичида Аллоҳ номи билан қасам ичтирилиб, сўнгра: «Гарчи қариндошимиз учун бўлса ҳам, қасамни озгина қийматга сотмаймиз ва Аллоҳ учун гувоҳлигимизни яширмаймиз. Зотан, у ҳолда, албатта, гуноҳкорлардан бўлиб қоламиз», дейишлари ҳақиқатан ҳам ҳаққоний гувоҳлик беришларига кучли омил бўлади. Боз устига, улар яна бир нарсадан қўрқиб туришади. Агар юқорида айтилган ишлардан кейин ҳам хиёнат қиладиган бўлсалар, меросхўрлардан икки киши раддия қасами ила уларни фош қилишлари, шарманда бўлишлари эҳтимоли бор. Шундан қўрқиб ҳам ўзларига ишонилган вазифани виждонан адо этадилар. Булар ҳаммаси эҳтиёт чоралари. Аммо гувоҳликни ҳаққоний адо этишнинг асосий таянчи тақводир.)
Tafsir
Уларнинг гувоҳлигига шубҳа туғилиб қолган пайтда мана шу икки гувоҳнинг намоздан кейинги қасами уларнинг гувоҳликни шаръий тарзда адо этишларига яқинлаштиради. Натижада улар гувоҳликни ўзгартирмайдилар ва унга хиёнат қилмайдилар. Айни пайтда меросхўрларнинг ўзларига қарши қасам ичиб қолишларидан ва оқибатда шарманда бўлишларидан хавфсиратади. Шундай экан, Аллоҳдан тақво қилиб, гувоҳлик беришда ҳам, қасам ичишда ҳам ёлғон сўзламангиз ва хиёнат қилмангиз. Фармонларни қабул бўладиган тарзда адо этингиз. Аллоҳ итоатсизларга тавфиқ бермас.