مَا جَعَلَ ٱللَّهُ مِنۢ بَحِيرَةٖ وَلَا سَآئِبَةٖ وَلَا وَصِيلَةٖ وَلَا حَامٖ وَلَٰكِنَّ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ يَفۡتَرُونَ عَلَى ٱللَّهِ ٱلۡكَذِبَۖ وَأَكۡثَرُهُمۡ لَا يَعۡقِلُونَ ١٠٣
Аллоҳ баҳийра, соиба, васийла ва ҳоммларни қилгани йўқ. Лекин куфр келтирганлар Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқирлар. Уларнинг кўплари ақлсиздирлар. 51
Izohlar
51 (Бешинчи бўталоқ урғочи туғилса, она туянинг қулоғини тилиб, белгили қилиб қўйиб юборилар ва у «баҳийра» деб айтилар эди. Жоҳилий арабларнинг бузуқ эътиқодларига кўра, бундай туянинг гўштини ейиш, сутини ичиш, ўзини миниш ёки устига юк юклаш ҳаром ҳисобланарди. «Баҳийра» деб қўйиб юборилган туя эркин ҳолда юраверар, унга биров тегмас эди. «Соиба» луғатда «қўйиб юборилган» маънони англатиб, бир киши сафардан келгани, касалдан тузалгани учун назр қилган туяга айтиларди. «Васийла» луғатда «уловчи» маъносини англатиб, бирин-кетин улаб урғочи бола туққан қўйга айтиларди. Уни ҳам сўймас эдилар. «Ҳомм» эса, луғатда «ҳимоя қилувчи» маъносини англатиб, урғочи ҳайвонларга қочириш учун қўйиладиган эркак ҳайвонга айтилади. Жоҳилий араблар бир эркак ҳайвон ўнта урғочини қочирса, уни «ҳомм» деб атар эдилар ва унга ҳам алоҳида муносабат кўрсатилар, минилмас, юк юклатилмас эди.)
Tafsir
Аллоҳ чорва ҳайвонларни ҳалол қилди. Мушриклар баҳийрани, яъни, маълум миқдорда бола кўрганидан кейин қулоғи кесилган туяни, соибани, яъни, маълум ёшга етганидан кейин санамларига атаб қўйилган туяни, васийлани, яъни, урғочидан кейин урғочи туғаверган туяни, ҳомийни, яъни, пуштидан маълум миқдорда бўталоқ туғилган эркак туяни ўзларига ўзлари ҳаром қилиб олиб, уларни Аллоҳ ҳаром қилган, дея Аллоҳга бўҳтон қиладилар. Аслида эса уларни Аллоҳ ҳаром қилмаган. Кофирларнинг кўпчилиги ҳақ билан ботилнинг, ҳалол билан ҳаромнинг фарқига бормайдилар.