إِنَّ ٱلَّذِينَ يَكۡتُمُونَ مَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ مِنَ ٱلۡكِتَٰبِ وَيَشۡتَرُونَ بِهِۦ ثَمَنٗا قَلِيلًا أُوْلَٰٓئِكَ مَا يَأۡكُلُونَ فِي بُطُونِهِمۡ إِلَّا ٱلنَّارَ وَلَا يُكَلِّمُهُمُ ٱللَّهُ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ وَلَا يُزَكِّيهِمۡ وَلَهُمۡ عَذَابٌ أَلِيمٌ ١٧٤
Албатта, Аллоҳ китобда туширган нарсани беркитганлар ва уни озгина баҳога сотганлар, ана ўшалар қоринларига оловдан бошқа нарсани емаслар, уларга Аллоҳ қиёмат куни гапирмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоблар бор. 70
Izohlar
70 (Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, у киши: «Ушбу оят яҳудийларнинг Каъб ибн Ашраф, Молик ибн ас-Сойф ва Ҳаййи ибн Ахтобга ўхшаш бошлиқлари ҳақида тушган. Улар ўзларига эргашганлардан ҳадялар олар эдилар. Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилганларидан сўнг, мазкур манфаатлардан маҳрум бўлишдан қўрқиб, у киши ҳақидаги ҳақиқатни беркитдилар», дедилар.)
Tafsir
Аллоҳ нозил қилган китобларни ва улардаги Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақиқий пайғамбар эканини исботловчи ҳужжатларни яширган ва уни лавозим, обрў ва мол-давлат каби арзимас чақага сотган яҳуд ва насороларнинг қоринларидаги еганлари ўт бўлади, олов бўлади. Яъни, қоринларига ўт билан, олов билан азобланишга сабаб бўладиган нарсаларни ейдилар. Қиёмат куни Аллоҳ улар билан гаплашмайди, яъни, уларга ёқадиган тарзда гаплашмайди, балки, ҳолини абгор қиладиган тарзда гаплашади. Улар ҳақида яхши гап айтмайди, уларни оқламайди. Улар учун аламли азоб бордир.