قَالَ فَإِنَّهَا مُحَرَّمَةٌ عَلَيۡهِمۡۛ أَرۡبَعِينَ سَنَةٗۛ يَتِيهُونَ فِي ٱلۡأَرۡضِۚ فَلَا تَأۡسَ عَلَى ٱلۡقَوۡمِ ٱلۡفَٰسِقِينَ ٢٦
У: «Албатта, бу ер уларга қирқ йилгача ҳаромдир. Улар ер юзида ҳайрон бўлиб юрарлар. Фосиқ қавмлар учун хафа бўлма», – деди. 17
Izohlar
17 (Бани Исроилнинг бу қилмиши учун, яъни Аллоҳнинг амрига итоат этмагани — Муқаддас ерга кирмагани учун, Аллоҳ уларга бу муқаддас ерга киришни қирқ йилгача ҳаром қилиб қўйди. Тафсирчиларимизнинг айтишларича, яҳудийлар бу муддатда Сийно ярим оролидаги саҳрода фарсаҳлик жойдан ташқарига чиқа олмай, адашиб, ҳайрон бўлиб, бир борган жойга қайта-қайта бориб юравердилар. Ана шундай ҳайронлик ва сарсон-саргардонликда қирқ йил юрдилар. Бу даврда мазкур гуноҳни содир этган, нобакор авлод ўлиб битди. Саҳрода ўсган янги авлод пайдо бўлди. Яъни, Аллоҳ тайин қилган муддат тугагунча аввалгилар муқаддас ерга кира олмай ўлиб кетдилар.)
Tafsir
Аллоҳ пайғамбари Мусо алайҳиссаломга деди: "Аллоҳ Бани Исроилга бу муқаддас ерга қирқ йилгача киришни ҳаром қилди. Бу муддат орасида улар саҳроларда йўл топа олмасдан сарсон-саргардон юрадилар. Эй Мусо, Аллоҳга итоат этишдан бош тортган бу қавмдан хафа бўлма, афсус қилма. Зеро, уларга берилаётган азоб гуноҳлари туфайли бўляпти.