Al-Kahf surasi, 21-oyat

18:21

وَكَذَٰلِكَ أَعۡثَرۡنَا عَلَيۡهِمۡ لِيَعۡلَمُوٓاْ أَنَّ وَعۡدَ ٱللَّهِ حَقّٞ وَأَنَّ ٱلسَّاعَةَ لَا رَيۡبَ فِيهَآ إِذۡ يَتَنَٰزَعُونَ بَيۡنَهُمۡ أَمۡرَهُمۡۖ فَقَالُواْ ٱبۡنُواْ عَلَيۡهِم بُنۡيَٰنٗاۖ رَّبُّهُمۡ أَعۡلَمُ بِهِمۡۚ قَالَ ٱلَّذِينَ غَلَبُواْ عَلَىٰٓ أَمۡرِهِمۡ لَنَتَّخِذَنَّ عَلَيۡهِم مَّسۡجِدٗا ٢١

Шундай қилиб, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини ва қиёмат соатида шубҳа йўқ эканини билишлари учун уларни (одамларга) билдирдик. Энди эса, улар иши ҳақида тортиша бошладилар: «Уларнинг устларига бино барпо қилинглар, Роббилари уларни яхши билгувчидир», дедилар. Ишларига ғолиб келганлар эса: «Уларнинг устларига, албатта, масжид қуриб олурмиз», дедилар. 11

Izohlar

11 (Бу ердаги «Аллоҳнинг ваъдаси» — охир-оқибат иймон аҳли ғолиб келиши ва ўлгандан кейин қайта тирилиш ҳақлиги ҳақидаги ваъдадир. Йигитлар йиллар ўтиб қайта уйғондилар ва иймон иши ғолиб бўлганини кўрдилар. Иймонга келиб қолган шаҳар аҳолиси иймон йўлидаги жиҳодлари учун Аллоҳ томонидан муносиб тақдирланган каҳф эгаларини ҳақиқий ўлимларидан кейин қандай қилиб иззат-эҳтиром этиш борасида тортиша бошладилар.)

Tafsir

Уларни узоқ йиллар ухлатиб, Ўз қудратимизни намойиш қилганимиздек, шаҳар аҳлини улардан хабардор қилиб ҳам қўйдик. Токи, улар Аллоҳнинг мўминларни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги ваъдаси ҳақ эканини, қайта тирилиш ҳақлигини, Қиёмат куни ҳам шак-шубҳасиз содир бўлишини билиб олсинлар. Ғор соҳибларининг иши фош бўлиб, ўлиб кетганларидан кейин улардан хабар топганлар, энди нима қиламиз, деб қолдилар. Улардан бир гуруҳи: "Ғорнинг оғзига бир бино қуринглар, уларни тўсиб, ҳимоя қилиб турсин, уларнинг аҳволини Парвардигорлари билгувчироқ", дедилар. Нуфузга, ҳокимиятга эга бўлган илмсиз кимсалар эса: "Уларнинг жойига бир масжид қуриб олиб, ўша ерда ибодат қиламиз. Шу билан уларга эҳтиром кўрсатган ва уларнинг хотирасини абадийлаштирган бўламиз", дедилар.