رَّبُّكُمۡ أَعۡلَمُ بِكُمۡۖ إِن يَشَأۡ يَرۡحَمۡكُمۡ أَوۡ إِن يَشَأۡ يُعَذِّبۡكُمۡۚ وَمَآ أَرۡسَلۡنَٰكَ عَلَيۡهِمۡ وَكِيلٗا ٥٤
Роббингиз сизларни яхши билгувчи Зотдир. Хоҳласа, сизга раҳим қилар, хоҳласа сизни азоблар. Ва Биз сени улар устидан қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ. 22
Izohlar
22 (Қиёмат куни ҳамма бир хил бўлиб, титраб-қақшаб, фақат Аллоҳга ҳамд айтишдан бошқа нарсага тили бормай тургани билан, Аллоҳ ҳар бир банданинг кимлигини, нима қилганини ипидан-игнасигача яхши билади. Ҳа, бу дунёдаги ишларни ҳисоб-китоб қилиш, уларга яраша мукофот ёки жазо бериш Аллоҳ таолонинг ишидир. Пайғамбарга эса, Аллоҳнинг таълимотини бандаларга етказиш топширилган, холос.)
Tafsir
Эй одамлар, сизларни Парвардигорингиз жуда яхши билади. Ҳеч бир ишингиз У Зотдан яширин бўла олмайди. Хоҳласа, сизларга раҳм қилиб, иймон келтириш ва солиҳ амал қилишга тавфиқ беради. Хоҳласа, кофир ҳолингизда жонингизни олиб, сизларни иймондан мосуво айлаб, азобига гирифтор қилади. Эй Пайғамбар, сизни уларга (ишларини текширувчи) вакил қилиб юбормадикки, уларни иймон келтиришга мажбур қилсангиз, куфрдан қайтарсангиз, аммалларини ҳисоблаб борсангиз. Сиз бор-йўғи бир етказиб қўювчисиз. Аллоҳ нима етказишни буюрган бўлса, ўшани етказиб қўясиз, холос.