Al-Baqarah surasi, 3-oyat

2:3

ٱلَّذِينَ يُؤۡمِنُونَ بِٱلۡغَيۡبِ وَيُقِيمُونَ ٱلصَّلَوٰةَ وَمِمَّا رَزَقۡنَٰهُمۡ يُنفِقُونَ ٣

Улар ғайбга иймон келтирурлар, намозни тўкис ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар. 3

Izohlar

3 (Ушбу оятда Қуръон ҳидоятидан баҳраманд бўла оладиган тақводорларнинг сифатларидан учтаси саналган: Биринчиси — «ғайбга иймон келтирурлар». Абул Олия ғайбга иймон келтиришнинг тафсирида: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, жаннатига, дўзахига, мулоқотига, ўлимдан кейинги ҳаётга ва қайта тирилишга ишонишдир», деган эканлар. Иккинчиси — «намоз ўқирлар». Яъни, Аллоҳга ибодат қиладилар. Бандага қул бўлишдан озод бўлиб, бандаларнинг Парвардигорига қул бўладилар. Намоз орқали банда Аллоҳ таолога боғланади. Ҳаётида ерга қапишиб юришдан юқори нарсани топади. Шунингдек, бошқа улкан яхшиликларга эришади. Учинчиси — «Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар». Мўмин-мусулмоннинг, тақводор одамнинг эътиқоди бўйича, унинг қўлидаги мол-дунё Аллоҳ берган ризқ, ўзи яратган нарса эмас. Шунинг учун ҳам тақводор инсон Аллоҳ берган ризқдан ўзининг заифҳол, муҳтож биродарларига садақа қилади. «Садақа" сўзини тасдиқ маъноси бор, мол-дунёсини сарфлаб садақа қилишда эътиқоддаги маънонинг, яъни яхшилик қилиш маъносининг тасдиғи бор. «Нафақа" ўзи умумий сўз бўлиб, закот, хайр-эҳсон, садақа каби маъноларни англатади.);

Tafsir

Ғайбга иймон келтирурлар. Аллоҳ ва Унинг пайғамбари берган хабарлар ичида охират куни каби инсонга ато этилган ҳислар ила идрок этиб бўлмайдиган, биз учун ноаниқ бўлган олам ғайбдир. Намозни тўкис адо этурлар. Яъни, намознинг шартлари, вожиблари, суннатлари, рукнлари, ҳамма-ҳаммасини Аллоҳ буюргандек, шариатга мувофиқ тарзда бажарурлар. Биз уларга берган ризқдан инфоқ-эҳсон қилурлар. Фарз закот бўладими, нафл садақа бўладими, ҳаммасини Аллоҳнинг савобини умид қилиб берурлар. Улар сизга нозил қилинган ваҳийга ҳам, сиздан олдинги пайғамбарларга нозил қилинган ваҳийга ҳам бирдек иймон келтирадилар. Айни пайтда улар охиратга ҳам, унда содир бўладиган жазо ва мукофотга ҳам аниқ ишонадилар.