ٱلشَّهۡرُ ٱلۡحَرَامُ بِٱلشَّهۡرِ ٱلۡحَرَامِ وَٱلۡحُرُمَٰتُ قِصَاصٞۚ فَمَنِ ٱعۡتَدَىٰ عَلَيۡكُمۡ فَٱعۡتَدُواْ عَلَيۡهِ بِمِثۡلِ مَا ٱعۡتَدَىٰ عَلَيۡكُمۡۚ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَ وَٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّ ٱللَّهَ مَعَ ٱلۡمُتَّقِينَ ١٩٤
Ҳаром ойга ҳаром ой. Ҳаром қилинган нарсаларда қасос бор. Ким сизга душманлик қилса, сиз ҳам унга шунга ўхшаш душманлик қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир. 82
Izohlar
82 (Ояти каримадаги «Аш-шаҳрул-ҳарому» деб келган таъбирни «ҳаром ой» деб таржима қилдик. «Ҳаром ой» дегани уруш ҳаром қилинган ой, деганидир. «Ҳаром ойга ҳаром ой», яъни ким уруш ҳаром қилган ойнинг ҳурматини бузса, унга бу ой берган ҳурматлар бекор қилинади. Агар у бу ойни ҳурмат қилмай уруш бошласа, унга қарши уруш қилинади. Мусулмонларга қарши уруш очиб, ҳаром қилинган нарсани бузиб тажовузкорлик қилганлардан ўч олинади. Аммо ўч олишда маълум чегара бўлиб, мусулмонлар ундан чиқмайдилар. Қилган душманлигига яраша жавоб қилинади, ошириб юборилмайди ёки камайтириб қўйилмайди.)
Tafsir
Еттинчи ҳижрийда уруш ҳаром қилинган ой шарофати билан Аллоҳ сизларга Ҳарамга кириш имконини берди. Б у иш олтинчи ҳижрийда мушриклар сизларни Ҳарамга қўймаганидан эваздир. Ҳурматлар, яъни, Баладул- Ҳаром, Шаҳрул-Ҳаром ва эҳром каби уруш ҳаром қилинган жойлар ва ойлардаги тажовузнинг жазоси қасосдир. Ким сизларга қандай тажовуз қилган бўлса, сизлар ҳам ўшандек тажовуз қилинглар. Ҳаддан ошиб, мусла (ўликнинг аъзоларини кесиб ташлаш)гача борманглар. Аллоҳ Ўзи белгилаб қўйган ҳадлардан ошганларни ёқтирмайди. Ҳаддан ошиб, рухсат этилмаган ишларни қилишда Аллоҳдан қўрқинглар. Билингларки, Аллоҳ тақводорлар билан бирга бўлиб, уларга куч-қувват ва муваффақият ато этади.