Al-A'raf surasi, 157-oyat

7:157

ٱلَّذِينَ يَتَّبِعُونَ ٱلرَّسُولَ ٱلنَّبِيَّ ٱلۡأُمِّيَّ ٱلَّذِي يَجِدُونَهُۥ مَكۡتُوبًا عِندَهُمۡ فِي ٱلتَّوۡرَىٰةِ وَٱلۡإِنجِيلِ يَأۡمُرُهُم بِٱلۡمَعۡرُوفِ وَيَنۡهَىٰهُمۡ عَنِ ٱلۡمُنكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ ٱلطَّيِّبَٰتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيۡهِمُ ٱلۡخَبَٰٓئِثَ وَيَضَعُ عَنۡهُمۡ إِصۡرَهُمۡ وَٱلۡأَغۡلَٰلَ ٱلَّتِي كَانَتۡ عَلَيۡهِمۡۚ فَٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ بِهِۦ وَعَزَّرُوهُ وَنَصَرُوهُ وَٱتَّبَعُواْ ٱلنُّورَ ٱلَّذِيٓ أُنزِلَ مَعَهُۥٓ أُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡمُفۡلِحُونَ ١٥٧

Улар ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган уммий Набий, Пайғамбарга эргашурлар. Бас, унга иймон келтириб, ёрдам бериб ва уни қўллаб-қувватлаган ҳамда унга нозил бўлган нурга эргашганлар — ана ўшалар нажот топгувчилардир», – деди. 56

Izohlar

56 (Аллоҳдан гуноҳларини кечишини сўраганларидан сўнг, у зот икки дунёнинг яхшилигини ҳам сўрадилар. Фақат охиратнинггина эмас, бу дунё ва у дунёнинг яхшиликларини сўрадилар. Бу ҳаммага ўрнак бўлиши керак. Мусо алайҳиссалом танлаб олинган етмиш нафар номидан қилган илтижолари охирида «Биз сенга тавба қилдик», дедилар. Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломнинг сифатлари ҳақиқий Таврот ва ҳақиқий Инжилда ёзилган. Шундай бўлишини Аллоҳ таоло қадимда Мусо алайҳиссалом билан бирга мийқотга келган Бани Исроилнинг етмишта вакилига ҳам айтган. Кейинчалик шундай бўлди ҳам. Қанчадан-қанча аҳли китоблар ёки бу китоблардан бўлажак пайғамбарнинг сифатлари ҳақида маълумот олганлар Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломни кўришлари билан иймонга келдилар.)

Tafsir

Улар шундай зотларки, ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайдиган оми, Парвардигори тарафидан келган ваҳийни гапирадиган Муҳаммад алайҳиссаломга эргашадилар. У кишининг номи ва сифатлари Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган Тавротда ҳам, Ийсо алайҳиссаломга нозил қилинган Инжилда ҳам ёзилганини кўрганлар. У зот эзгулик ва ўнгланиш сари етаклайдиган ишларга буюради. Соғлом ақл ва покиза табиат қабул қилмайдиган манфур ишлардан қайтаради. Тансиқ таом ва аёлларни никоҳлаб олиш каби турли хил зарарсиз ноз-неъматларга рухсат берса, кир, ифлос нарсаларни ман қилади. Қасддан ёки билмасдан қилганига қарамасдан, қотилни ўлдириш каби олдин уларнинг зиммаларида бўлган оғир вазифаларни олиб ташлайди. Бани Исроилдан бўладими, бошқа бўладими, у кишига иймон келтириб, уни улуғлаб, эъзозлаб, кофир душманларига қарши қўллаб-қувватлаб, нур ва ҳидоят бўлиб нозил қилинган Қуръонга эргашганлар муроду мақсадига етадиган, хавфу хатарга дуч келмайдиган чин нажот топгувчилардир.