وَقَالُواْ هَٰذِهِۦٓ أَنۡعَٰمٞ وَحَرۡثٌ حِجۡرٞ لَّا يَطۡعَمُهَآ إِلَّا مَن نَّشَآءُ بِزَعۡمِهِمۡ وَأَنۡعَٰمٌ حُرِّمَتۡ ظُهُورُهَا وَأَنۡعَٰمٞ لَّا يَذۡكُرُونَ ٱسۡمَ ٱللَّهِ عَلَيۡهَا ٱفۡتِرَآءً عَلَيۡهِۚ سَيَجۡزِيهِم بِمَا كَانُواْ يَفۡتَرُونَ ١٣٨
Улар ўзларича: «Мана бу чорва ва экинлар ҳаром, уларни фақат биз хоҳлаган кишиларгина ейдилар ва мана бу миниши ҳаром қилинган чорвалар», – дедилар. Улар маълум чорваларга Аллоҳнинг номини зикр қилмаслар. Бу эса, У зотга туҳматдир. У, тезда, қилган туҳматлари туфайли уларга жазо беражак. 51
Izohlar
51 (Бу оятда мушрик ва кофирларнинг энг катта жиноятларидан бири — ҳалол-ҳаромни ажратишда Аллоҳнинг айтганига юрмай, ўзларича кўнгиллари тусаган ҳукмни чиқаришлари баён қилинмоқда. Аслида, ҳалол ёки ҳаром ҳақида ҳукм чиқариш Аллоҳ таолонинг ҳаққи. Бандаларнинг бу илоҳий ҳаққа тажовуз қилиши куфрга олиб борадиган катта жиноятдир. Агар бир инсон ҳамма диний ақидаларга тўлиқ иймон келтирса, шариат кўрсатмаларига мукаммал амал қилса-ю, Аллоҳ ҳалол деган нарсани ҳаром деса ёки, аксинча, ҳаром деганини ҳалол деса, кофир бўлади. Бу масала шу даражада нозик масаладир.)
Tafsir
Мушриклар дедилар: "Мана бу чорва ва экинлардан биз истаган одамлардан, яъни, бутларнинг ходимлари каби кишилардан бошқа ҳеч ким ейиши мумкин эмас. Мана бу ҳайвонларни эса миниш ҳам, уларнинг устига юк ортиш ҳам мумкин эмас. Улар баҳийра, соиба ва ҳомийлардир (туянинг турлари)". Айрим ҳайвонларни Аллоҳнинг номини эмас, бутларининг номларини айтиб сўядилар. Шу ишларни Аллоҳ тарафидан дейиш билан Аллоҳга туҳмат қилишдек оғир жиноятни содир этдилар. Яқинда Аллоҳ уларни қилган амаллари сабабли азоб билан жазолайди.