وَلَا تَأۡكُلُواْ مِمَّا لَمۡ يُذۡكَرِ ٱسۡمُ ٱللَّهِ عَلَيۡهِ وَإِنَّهُۥ لَفِسۡقٞۗ وَإِنَّ ٱلشَّيَٰطِينَ لَيُوحُونَ إِلَىٰٓ أَوۡلِيَآئِهِمۡ لِيُجَٰدِلُوكُمۡۖ وَإِنۡ أَطَعۡتُمُوهُمۡ إِنَّكُمۡ لَمُشۡرِكُونَ ١٢١
Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар. Албатта, бу иш фисқдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар. Агар уларга итоат қилсангиз, сизлар ҳам мушриклардан бўлурсизлар. 43
Izohlar
43 (Уламоларимиз агар мусулмон киши ҳайвонни сўяётиб, Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, сўйган гўшти ҳалол, деганлар. Аммо билиб туриб, қасддан зикр қилмаса, ундай гўшт ҳаром бўлади.)
Tafsir
Эй мусулмонлар, Аллоҳнинг номи айтилмасдан сўйилган ҳайвоннинг гўштини еманглар. Бунда Аллоҳдан бошқанинг номи айтиладими, йўқми, фарқ қилмайди. Ундан тановул қилиш Аллоҳга итоатсизликдир, маъсиятдир. Шайтонлар ошналарининг кўнглига шубҳалар солиб, уларни сизлар билан ўлимтикни ейиш борасида талашиб-тортишишга васваса қиладилар. Эй мусулмонлар, уларга бош эгиб, ўлимтикни мубоҳга айлантирадиган бўлсангизлар, ўзларингиз ҳам худди улардек мушрикка айланасизлар.