At-Tawbah surasi, 117-oyat

9:117

لَّقَد تَّابَ ٱللَّهُ عَلَى ٱلنَّبِيِّ وَٱلۡمُهَٰجِرِينَ وَٱلۡأَنصَارِ ٱلَّذِينَ ٱتَّبَعُوهُ فِي سَاعَةِ ٱلۡعُسۡرَةِ مِنۢ بَعۡدِ مَا كَادَ يَزِيغُ قُلُوبُ فَرِيقٖ مِّنۡهُمۡ ثُمَّ تَابَ عَلَيۡهِمۡۚ إِنَّهُۥ بِهِمۡ رَءُوفٞ رَّحِيمٞ ١١٧

Батаҳқиқ, Аллоҳ Пайғамбарининг, қийинчилик вақтида эргашган муҳожир ва ансорларнинг тавбасини қабул қилди. Улардан баъзиларининг қалблари тойиб кетай дегандан сўнг тавбаларини қабул қилди. Албатта, У Зот уларга марҳаматли ва меҳрибондир. 68

Izohlar

68 (Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг тавбаларини қабул қилгани хусусида хабар бермоқда. Маълумки, пайғамбарлар маъсумдирлар. Аммо бу оятда Пайғамбаримизнинг Аллоҳдан тушган ваҳийга хилоф қилганлари ҳақида гап кетаётгани йўқ. Бу ҳол бўлиши ҳам мумкин эмас. Балки У зот алайҳиссалом ижтиҳод маъносида баъзи бир кишиларга Табук ғазотига чиқмай қолишга изн берган эдилар. У зот алайҳиссалоту вассалом бу билан афзал ишни эмас, ундан пастроғини қилган эдилар. Афзали эса то ростгўйлар ёлғончилардан ажралгунча кутиб туриш эди.)

Tafsir

Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг мунофиқларга Табук ғазотига чиқмасликка изн берганини кечирди, тавбасини қабул қилди. Ҳаво жуда иссиқ, тайёргарлик ҳаминқадар, душман эса ўта қудратли бўлишига қарамасдан, Пайғамбарга эргашиб, ғазотга чиққан муҳожир ва ансорларнинг ҳам тавбасини қабул қилди. Улардан бир гуруҳининг қалблари тойилаёзиб, ўта қаттиқ машаққатни кўриб, ғазотга чиқмасликни ҳам ўйлаб қолгандилар. Кейин Аллоҳ уларга сабот бериб, ғазотга чиқишга муваффақ айлади, тавбаларини қабул қилди. Аллоҳ мўминларга Меҳрибон Зотдир. Улардан тавбаларини қабул қилиши ана шу марҳаматининг бир кўринишидир.