Ash-Shura surasi, 45-oyat

42:45

وَتَرَىٰهُمۡ يُعۡرَضُونَ عَلَيۡهَا خَٰشِعِينَ مِنَ ٱلذُّلِّ يَنظُرُونَ مِن طَرۡفٍ خَفِيّٖۗ وَقَالَ ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِنَّ ٱلۡخَٰسِرِينَ ٱلَّذِينَ خَسِرُوٓاْ أَنفُسَهُمۡ وَأَهۡلِيهِمۡ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِۗ أَلَآ إِنَّ ٱلظَّٰلِمِينَ فِي عَذَابٖ مُّقِيمٖ ٤٥

Сен уларни у(дўзах)га кўндаланг қилинаётганларида хору зор ва қўрққан ҳолларида кўз қири билан назар солаётганларини кўрурсан. Иймон келтирганлар: «Албатта, зиёнкорлар қиёмат куни ўзларига ва аҳли аёлларига зиён қилганлардир», дерлар. Огоҳ бўлингким, албатта, золимлар доимий азобдадирлар. 15

Izohlar

15 (Ҳа, кофир, золим ва осийлар дўзахга тўғри қарай олмайдилар. Балки, фақат кўз қирлари билан назар соладилар. Уларнинг бу дунёдаги гердайишларидан, шаҳдамликларидан асар ҳам қолмайди. Бирор нарсани гапира олмай қоладилар. Охиратда эркин гапира оладиганлар мўминлардир.)

Tafsir

Эй Пайғамбар, кўрасизки, золимлар дўзахга рўбарў қилинганларида эгилиб, хор бўлиб турадилар. Хавфнинг зўридан одамларга тик қарай олмайдилар. Фақат кўз қирлари билангина назар ташлайдилар. Шунда Аллоҳга ва пайғамбарларга иймон келтирганлар: "Ҳақиқий ютқазувчилар Қиёмат куни азобга гирифтор бўлиб, ўзларини ҳам, оилаларини ҳам ютқазиб қўйган кимсалардир", дедилар. Огоҳ бўлингизким, золимлар ҳеч қачон тўхтамайдиган абадий азобдадирлар.