لَّا تَجۡعَلُواْ دُعَآءَ ٱلرَّسُولِ بَيۡنَكُمۡ كَدُعَآءِ بَعۡضِكُم بَعۡضٗاۚ قَدۡ يَعۡلَمُ ٱللَّهُ ٱلَّذِينَ يَتَسَلَّلُونَ مِنكُمۡ لِوَاذٗاۚ فَلۡيَحۡذَرِ ٱلَّذِينَ يُخَالِفُونَ عَنۡ أَمۡرِهِۦٓ أَن تُصِيبَهُمۡ فِتۡنَةٌ أَوۡ يُصِيبَهُمۡ عَذَابٌ أَلِيمٌ ٦٣
Пайғамбарнинг орангиздаги даъватини бир-бирингизнинг даъватингизга ўхшатманг. Батаҳқиқ, сизлардан паналаб, аста-аста суғурилиб чиқиб кетадиганларни Аллоҳ яхши билур. Унинг ишига хилоф қиладиганлар ўзларига фитна етиши ёки аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар. 17
Izohlar
17 (Ушбу ояти кариманинг биринчи жумласи ҳақида уламолар уч хил фикр айтганлар. Учала фикр ҳам бир-бирини тўлдириб келади. Биринчи фикрга биноан, Пайғамбарни чақиришда, бир-бирингизни чақиришингиздаги лафзларни қўлламанг, дегани. Иккинчи фикрга кўра, Пайғамбарнинг чақириғини, буйруғини бошқаларнинг чақириғи каби оддий қабул қилманг, балки алоҳида аҳамият ва эътибор билан қабул қилинг, деганидир. Учинчи фикрга кўра эса, Пайғамбарнинг дуосини, бошқаларнинг дуосига ўхшатманг, деганидир. У зотнинг дуоси, албатта, қабул бўлиши муқаррардир.)
Tafsir
Эй мўминлар, Аллоҳнинг пайғамбарини улуғланглар, ҳурматини жойига қўйинглар. Бир-бирларингизни "Эй Абдуллоҳ, эй фалончи", деб чақирганингиздек, у зотни ҳам "Эй Муҳаммад", дея чақира кўрманглар. Балки эҳтиром билан "Эй Аллоҳнинг пайғамбари", "Эй Аллоҳнинг расули", деб чақиринглар. У зот сизларни бирон ишга чақирса, уни ўзаро бўлиб турадиган оддий, арзимас ишларингизга ўхшатмасдан, зудлик билан етиб боринглар. Орангиздаги билдирмасдан, яшириниб чиқиб кетадиганларни Аллоҳ яхши билади. Бас, Пайғамбар алайҳиссаломнинг амрига хилоф қиладиганлар бир бало-офатга йўлиқиб қолишларидан ёки чидаб бўлмас аламли азобга дучор бўлишларидан эҳтиёт бўлсинлар.