An-Nur surasi, 33-oyat

24:33

وَلۡيَسۡتَعۡفِفِ ٱلَّذِينَ لَا يَجِدُونَ نِكَاحًا حَتَّىٰ يُغۡنِيَهُمُ ٱللَّهُ مِن فَضۡلِهِۦۗ وَٱلَّذِينَ يَبۡتَغُونَ ٱلۡكِتَٰبَ مِمَّا مَلَكَتۡ أَيۡمَٰنُكُمۡ فَكَاتِبُوهُمۡ إِنۡ عَلِمۡتُمۡ فِيهِمۡ خَيۡرٗاۖ وَءَاتُوهُم مِّن مَّالِ ٱللَّهِ ٱلَّذِيٓ ءَاتَىٰكُمۡۚ وَلَا تُكۡرِهُواْ فَتَيَٰتِكُمۡ عَلَى ٱلۡبِغَآءِ إِنۡ أَرَدۡنَ تَحَصُّنٗا لِّتَبۡتَغُواْ عَرَضَ ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَاۚ وَمَن يُكۡرِههُّنَّ فَإِنَّ ٱللَّهَ مِنۢ بَعۡدِ إِكۡرَٰهِهِنَّ غَفُورٞ رَّحِيمٞ ٣٣

Никоҳ(имкон)ни топа олмаганлар, то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунича, иффатларини сақласинлар. Қўлларингизда мулк бўлганлардан (озодлик) васиқасини истайдиганлари бўлса, бас, уларда яхшилик борлигини билсангиз, улар ила васиқа ёзинг ва Аллоҳнинг сизга берган молидан уларга беринг. Ҳаёти дунёнинг ўткинчи матоҳини истаб, покликни ирода қилган (чўри) қизларингизни фоҳишаликка мажбур қилманг. Ким уларни мажбур қилган бўлса, бас, албатта, Аллоҳ улар мажбур қилганларидан кейин ўта мағфиратли ва раҳимли Зотдир. 8

Izohlar

8 (Ушбу ояти каримада учта муҳим масала — никоҳга қодир бўлмаганлар нима қилишлиги, озод бўлишни истаб, ўз хожаси билан шартнома тузган, маълум маблағ эвазига озод бўлишга ҳаракат қилаётган қулу чўрилар ва фоҳишабозлик, яъни баъзи аёлларни зинога мажбурлаб пул топишга уриниш масалалари муолажа этилмоқда.)

Tafsir

Никоҳланишга қурби етмаганлар то Аллоҳ уларни Ўз фазли ила бой қилгунига қадар иффатларини сақласинлар. Қайси бир қул мукотабани истаса, яъни, маълум миқдордаги тўлов эвазига ўзини озод қилиш учун шартнома тузишни истаса, хожалар унинг яхши, диндор одамлигини ва шу ишни уддалай олишини билсалар, уни қабул қилишлари, Аллоҳ ато этган моллардан уларга ҳам беришлари лозим. Шартномадаги маблағнинг бирон қисмидан воз кечиш ҳам шу иш жумласидандир. Чўриларингиз иффатли бўлишни истасалар, мол-давлат топиш учун уларни зинога мажбурламанглар. Абдуллоҳ ибн Убай ўзининг икки чўрисига нисбатан шундай иш қилганди. Ким уларни мажбур қилса, Аллоҳ улар мажбур қилинганларидан кейин уларнинг гуноҳларини кечирадиган Мағфиратли ва Меҳрибон Зотдир. Чунки улар ўз ихтиёрлари билан бу ишни қилмадилар. Гуноҳ мажбур қилганларнинг зиммасига тушади.