وَلِكُلّٖ جَعَلۡنَا مَوَٰلِيَ مِمَّا تَرَكَ ٱلۡوَٰلِدَانِ وَٱلۡأَقۡرَبُونَۚ وَٱلَّذِينَ عَقَدَتۡ أَيۡمَٰنُكُمۡ فَـَٔاتُوهُمۡ نَصِيبَهُمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ كَانَ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ شَهِيدًا ٣٣
Ота-она ва қариндошлар қолдирган нарсага ҳар бир киши учун меросхўрлар қилдик. Қасамингиз ила боғланганларга насибасини беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳиддир. 19
Izohlar
19 (Яъни, ҳар бир одамнинг қариндошлари меросхўри бўлади. У ота-онаси ва қариндошларидан мерос олганидек, ундан ҳам болалари ва қариндошлари мерос олади. Шундай қилиб, мол авлоддан авлодга ўтиб туради. Ояти каримадаги: «Қасамингиз ила боғланганларга насибасини беринг», деган жумлада меросга тааллуқли, қариндош бўлмаган шахсларга ишора қилинмоқда. Исломнинг дастлабки босқичида шундай шахслар бўлган.)
Tafsir
Ҳар бирингиз учун асабалар қилдик. Асаба одамнинг яқинлари, қариндошлари, қавми каби ҳар жиҳатдан ҳимоя қиладиган кишилардир. Фароиз - мерос фанида асаба улуш олувчилардан қолганини оладиган одам. Асабалар ота-она ва қариндошлардан қолган меросдан баҳраманд бўладилар. Худди асабадек бир-бирингизни қўллаб-қувватлашга иттифоқ тузиб аҳдлашган одамларингизга ҳам меросдан насиба беринг. Аллоҳ ҳар нарсага, жумладан, аҳду паймонингизга ҳам шоҳиддир. Бундай аҳду паймон билан ўзаро бир-биридан мерос олиш Исломнинг дастлабки даврларида бўлган. Кейинроқ бу ҳукм бекор қилинган.