An-Nisa surasi, 166-oyat

4:166

لَّٰكِنِ ٱللَّهُ يَشۡهَدُ بِمَآ أَنزَلَ إِلَيۡكَۖ أَنزَلَهُۥ بِعِلۡمِهِۦۖ وَٱلۡمَلَٰٓئِكَةُ يَشۡهَدُونَۚ وَكَفَىٰ بِٱللَّهِ شَهِيدًا ١٦٦

Лекин Аллоҳ сенга нозил қилган нарсаси ила гувоҳлик берадир. Уни Ўз илми ила нозил қилди. Фаришталар ҳам гувоҳлик берурлар. Гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур.

Tafsir

Эй Пайғамбар алайҳиссалом, яҳудийлар сизга куфр келтираётган бўлсалар, сизга нозил қилинган Қуръоннинг ҳақлигига Аллоҳнинг Ўзи гувоҳлик берур. Аллоҳ уни Ўз илми билан нозил қилиб, бандаларини Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишлардан ҳам, Ўзи ёмон кўрадиган ва ёқтирмайдиган ишлардан ҳам огоҳ этиб қўйишни истади. Сиз олиб келган ваҳийнинг ҳақлигига Аллоҳ билан бирга фаришталар ҳам гувоҳлик берадилар. Гувоҳ бўлишга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир. У Зотнинг Ўзи гувоҳ бўлиб турганда бошқа гувоҳларга на ҳожат!