An-Nisa surasi, 148-oyat

4:148

۞ لَّا يُحِبُّ ٱللَّهُ ٱلۡجَهۡرَ بِٱلسُّوٓءِ مِنَ ٱلۡقَوۡلِ إِلَّا مَن ظُلِمَۚ وَكَانَ ٱللَّهُ سَمِيعًا عَلِيمًا ١٤٨

Аллоҳ ёмон гапни ошкор қилишни хуш кўрмас. Магар мазлумдан бўлса, майли. Аллоҳ эшитувчи ва билувчи Зотдир. 67

Izohlar

67 (Қалбида тақвоси, виждонида ҳассослик бўлмаган одам ҳар қандай ёмон сўзни осонгина ошкора қилади, атрофга ёяди. Ёмон гапни ошкор қилиш икки одамнинг бир-бирини сўкишидан, ёмонлашидан ва ғийбат-бўҳтон қилишидан бошланади. Сўнгра аста-секин катталашиб, жамиятни ҳалокат жари ёқасига олиб келади. Шунинг учун ҳам Ислом жамиятида ёмон сўзни ошкор қилиш қатъиян тақиқланади. Фақат бир тоифага — мазлумга рухсат. Шунда ҳам, мазлум инсон ўз устидаги зулмни кўтариши учунгина изн берилади. Жумладан, золимнинг зулмидан жамиятни хабардор этиш учун мазлумгина ёмон гапни ошкор қилиши мумкин.)

Tafsir

Аллоҳ ёмон гапнинг ошкора айтилишини хуш кўрмайди. Аксинча, ундан ғазабланади ва унинг оқибати ёмон бўлишидан огоҳлантиради. Лекин бу ишнинг мазлум тарафидан бўлиши жоиз. Яъни, мазлум золим устидан шикоят қилиб, уни дуойибад қилиши мумкин. Шунда ҳам сабр қилиши ва ошокора қилмаслиги афзалроқ. Аллоҳ гап-сўзларингизни эшитиб турувчи ва ниятларингиздан хабардор бўлган Зотдир. Шундай экан, ёмон гап айтишдан ёки уни қасд қилишдан эҳтиёт бўлинглар.