An-Nisa surasi, 128-oyat

4:128

وَإِنِ ٱمۡرَأَةٌ خَافَتۡ مِنۢ بَعۡلِهَا نُشُوزًا أَوۡ إِعۡرَاضٗا فَلَا جُنَاحَ عَلَيۡهِمَآ أَن يُصۡلِحَا بَيۡنَهُمَا صُلۡحٗاۚ وَٱلصُّلۡحُ خَيۡرٞۗ وَأُحۡضِرَتِ ٱلۡأَنفُسُ ٱلشُّحَّۚ وَإِن تُحۡسِنُواْ وَتَتَّقُواْ فَإِنَّ ٱللَّهَ كَانَ بِمَا تَعۡمَلُونَ خَبِيرٗا ١٢٨

Агар аёл киши ўз эридан нафрат ва юз ўгириш содир бўлишидан қўрқса, икковлари ўзаро сулҳга келишишларида гуноҳ йўқ. Сулҳ яхшидир. Нафслар қизғанишга ҳозирдир. Агар яхшилик ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардор Зотдир. 57

Izohlar

57 (Оилада турли сабабларга кўра, эрда хотинига нисбатан нафрат пайдо бўлиши мумкин. Натижада эр хотинидан ажралмоқчи ёки ундан юз ўгириб, талоқ ҳам қилмай, муомала қилмай ташлаб қўймоқчи. Хотин эридан ажрашни хоҳламаса, ярашишга уринади. Эрнинг нафратига ёки юз ўгиришига сабаб бўлган ишларни бартараф этиш билан уни рози қилиб, ажралмай қолишга тиришади. Жумладан, хотинидан нафратланиб, уни талоқ қилмоқчи бўлган ёки юз ўгириб, тек ташлаб қўймоқчи бўлган эркак ўша хотиннинг ажрашиш истаги йўқлигини билгач, унга яхшилик қилиб, тақво юзасидан ўзи билан олиб қолса, яхши бўлади. Аллоҳ унга ажр ва савоб беради.)

Tafsir

Агар бир аёл эри кўнгилсиз бўлиб, уни ёмон кўриб қолишидан қўрқса, ҳар иккиси ўзаро сарф-харажат ва бирга тунаш каби айрим ҳуқуқларидан воз кечиш орқали бирон сулҳга келишларида гуноҳ йўқ. Талоқдан кўра сулҳ яхшироқдир. Нафс худбинликка, бахилликка мойил бўлиб, ўз ҳаққидан кечишга ҳеч рози бўлмайди. Шунинг учун эр-хотин уни тарбиялаб-даволаб, бағрикенглик ва олийжанобликка ўргатишлари лозим. Агар ҳамма ишларингизни шариат асосида пухта бажарсангиз ҳамда Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш билан тақво қилсангиз, Аллоҳ қилаётган ҳамма ишларингиздан хабардор бўлиб турибди. Бирон нарса У Зотдан яширин қолмайди ва яқинда сизларни қилган амалларингизга яраша мукофотлайди.