۞ وَمَن يُهَاجِرۡ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ يَجِدۡ فِي ٱلۡأَرۡضِ مُرَٰغَمٗا كَثِيرٗا وَسَعَةٗۚ وَمَن يَخۡرُجۡ مِنۢ بَيۡتِهِۦ مُهَاجِرًا إِلَى ٱللَّهِ وَرَسُولِهِۦ ثُمَّ يُدۡرِكۡهُ ٱلۡمَوۡتُ فَقَدۡ وَقَعَ أَجۡرُهُۥ عَلَى ٱللَّهِۗ وَكَانَ ٱللَّهُ غَفُورٗا رَّحِيمٗا ١٠٠
Ким Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўпгина паноҳгоҳлар ва кенгчилик топадир. Ким уйидан Аллоҳ ва Расулга ҳижрат қилиб чиқса-ю, сўнгра унга ўлим етса, албатта, унинг ажри Аллоҳ зиммасига тушадир. Ва Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимли Зотдир. 45
Izohlar
45 (Ушбу оятда ҳижрат қилишга тарғиб — қизиқтириш бор. Бу улуғ ишга кишиларни маънавий жиҳатдан тайёрлаш, кўнгилларига келиши мумкин бўлган баъзи хаёлларни кўтариш бор. Ҳижрат дину диёнатни деб ватанни тарк этишдир. Кишилар ўзларича, ватандан узоқда бўлган шахс хавф-хатарда қолади, ризқи рўзи қийилади, деган фикрда бўладилар. Бу эса, мусулмонликка ҳеч тўғри келмайдиган нотўғри фикрдир. Аллоҳ таоло ҳеч қачон Ўзининг йўлида ҳижрат қилган бандасини чорасиз ҳолда ташлаб қўймайди. Унга хавф-хатарлардан асрайдиган паноҳгоҳлар ато қилади ва ризқини кенг қилиб қўяди. Кўпгина кишилар ҳижратдан кейин олий даражаларга, кенг ризқларга эришгани тажрибадан маълум. Одамларни ҳижратдан тўсиб турадиган нарсалардан бири ўлимдан қўрқишдир. Аслида эса, аввал ўтган оятларда таъкидланганидек, ўлим жой танламайди. Вақти-соати етганда, муҳожир ҳам, муқим ҳам ўлаверади. Аммо у ўлим билан бу ўлимнинг фарқи бор. Муҳожирликда ўлишнинг бахтига нима етсин!)
Tafsir
Ким куфр диёридан Ислом диёрига Аллоҳ ризосини истаб ҳижратга чиқса, борган жойи чиққан жойидан тамоман бошқача бўлади. Борган жойида азизлик ва кенг ризққа эришади. Ким уйидан Аллоҳ ва Расули сари ҳижрат қилса, кейин қасд қилган жойига етиб бормасдан йўлда вафот этса, унинг савобини бериш Аллоҳ зиммасига аниқ тушибди. Етиб бора олмагани унга зарар қилмайди. Аллоҳ тавба қилган бандасига мағфиратли ва ҳамма бандаларига марҳаматли бўлган Зотдир.