فَجَآءَتۡهُ إِحۡدَىٰهُمَا تَمۡشِي عَلَى ٱسۡتِحۡيَآءٖ قَالَتۡ إِنَّ أَبِي يَدۡعُوكَ لِيَجۡزِيَكَ أَجۡرَ مَا سَقَيۡتَ لَنَاۚ فَلَمَّا جَآءَهُۥ وَقَصَّ عَلَيۡهِ ٱلۡقَصَصَ قَالَ لَا تَخَفۡۖ نَجَوۡتَ مِنَ ٱلۡقَوۡمِ ٱلظَّٰلِمِينَ ٢٥
Бас, икковларидан бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда», деди. Қачонки унга келганида ва қиссани айтиб берганида, у: «Қўрқма, золим қавмлардан нажот топдинг», деди. 7
Izohlar
7 (Қизлар отасига ҳайвонларини суғориб берган ғариб йигит ҳақида, унинг мардлиги, шижоатлиги, яна ўзи ёлғиз сояда ўтириб қолганлиги ҳақида сўзлаб беришган. Ўшанда оталари қизлардан бирини ўша ғариб йигитни чақириб келиш учун юборади. Мусо алайҳиссалом бу чақириқни қабул қилиб, чолнинг олдига борадилар. Мусо алайҳиссалом уй эгасига бошларидан ўтган қиссани гапириб бердилар. Кўпни кўрган тажрибали чол у кишининг кўнглини кўтариб, қўрқма, энди қутулиб кетдинг, деган маънони айтди.)
Tafsir
Қизлар уйларига қайтиб бориб, оталарига бўлган воқеани айтиб бердилар. Шунда ота улардан бирига Мусони чақириб келишни буюрди. Қиз Мусонинг олдига уялиб келиб: "Сизни отам йўқлаяпти. Қўйларимизни суғориб берганингиз учун сизни мукофотламоқчи", деди. Мусо отанинг олдига келгач, унга бошидан ўтказганларини гапириб берди. Шунда ота уни тинчлантириб: "Қўрқма, золим Фиръавндан ҳам, унинг одамларидан ҳам нажот топибсан, чунки Мадянга уларнинг ҳукми ўтмайди, энди улар сенга озор беролмайдилар", деди.