لَّا تَجِدُ قَوۡمٗا يُؤۡمِنُونَ بِٱللَّهِ وَٱلۡيَوۡمِ ٱلۡأٓخِرِ يُوَآدُّونَ مَنۡ حَآدَّ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥ وَلَوۡ كَانُوٓاْ ءَابَآءَهُمۡ أَوۡ أَبۡنَآءَهُمۡ أَوۡ إِخۡوَٰنَهُمۡ أَوۡ عَشِيرَتَهُمۡۚ أُوْلَٰٓئِكَ كَتَبَ فِي قُلُوبِهِمُ ٱلۡإِيمَٰنَ وَأَيَّدَهُم بِرُوحٖ مِّنۡهُۖ وَيُدۡخِلُهُمۡ جَنَّٰتٖ تَجۡرِي مِن تَحۡتِهَا ٱلۡأَنۡهَٰرُ خَٰلِدِينَ فِيهَاۚ رَضِيَ ٱللَّهُ عَنۡهُمۡ وَرَضُواْ عَنۡهُۚ أُوْلَٰٓئِكَ حِزۡبُ ٱللَّهِۚ أَلَآ إِنَّ حِزۡبَ ٱللَّهِ هُمُ ٱلۡمُفۡلِحُونَ ٢٢
Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг Расулига душманлик қилувчиларга дўстлик қилганларини топмассан. Ҳатто, у(душман)лар ўз оталари, болалари, ака-укалари ёки қариндошлари бўлса ҳам. Аллоҳ ундоқ кишиларнинг қалбларида иймонни собит қилган, уларни Ўз ҳузуридан бир руҳ билан қўллагандир. Ва уларни остидан сувлар оқиб турган жаннатларга киритур. Улар унда абадий қолурлар. Аллоҳ улардан рози бўлур. Улар Аллоҳдан рози бўлурлар. Ундай кишилар Аллоҳнинг фирқасидандирлар. Аё, огоҳ бўлинглар, албатта, Аллоҳнинг фирқасидагилар, ҳа, ўшалар ютувчилардир. 9
Izohlar
9 (Аллоҳнинг ризолигини топиш... Кимки яратган Роббиси ризолигини топмас экан, мабодо унинг иймони сақлаб қолмаса, бу ёлғончи дунёда умри алданиш билан, охиратда эса фақат азобга дучор бўлиш билан интиҳо топади.)
Tafsir
Эй Пайғамбар алайҳиссалом, Аллоҳ ва Расулига ҳамда Қиёмат кунига иймон келтирганларнинг Аллоҳ ва Расулига душман бўлган кимсаларни яхши кўриб, улар билан дўстлашаётганини кўрмайсиз. Гарчи улар ўзларининг оталари, болалари, ака-укалари ёки яқин қариндош-уруғлари бўлсалар-да. Иймон уларни Аллоҳ ва Расулининг душманларига яқин бўлишдан ман қилади. Чунки иймон риштаси барча ришталардан устундир. Қарама-қарши келиб қолганида мана шу ришта муқаддамдир. Аллоҳ ва Расулига душман бўлган кимсалар билан, гарчи улар ўзларининг яқин қариндошлари бўлсалар-да, дўст бўлмаганларнинг қалбларига Аллоҳ таоло бир иймонни жо қилдики, у ҳеч қачон ўзгармайди. Уларнинг иймонини ҳужжат ва нур билан қувватлади. Аллоҳ таоло Қиёмат куни уларни қасрлари ва дарахтлари остидан дарёлар оқиб турадиган Адн жаннатларига киритади. У ерда абадий қоладилар. Жаннатларда неъматларнинг кети узилмайди, тугаб қолмайди. Аллоҳ таоло улардан шундай рози бўладики, бундан кейин уларга ҳеч қачон ғазаб қилмайди. Улар ҳам Аллоҳ таоло берган битмас-туганмас неъматлар туфайли рози бўладилар. Ана шу неъматлардан бири Аллоҳ таолони кўриш неъматидир. Юқорида айтиб ўтилган сифатларга эга бўлган кишилар Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажариб, тақиқларидан тийиладиган аскарларидир. Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг аскарлари дунёю охиратда мурод-мақсадларига эришиб, қўрққан нарсаларидан нажот топиб, муваффақият қозонган кишилардир.