Al-Ma'idah surasi, 5-oyat

5:5

ٱلۡيَوۡمَ أُحِلَّ لَكُمُ ٱلطَّيِّبَٰتُۖ وَطَعَامُ ٱلَّذِينَ أُوتُواْ ٱلۡكِتَٰبَ حِلّٞ لَّكُمۡ وَطَعَامُكُمۡ حِلّٞ لَّهُمۡۖ وَٱلۡمُحۡصَنَٰتُ مِنَ ٱلۡمُؤۡمِنَٰتِ وَٱلۡمُحۡصَنَٰتُ مِنَ ٱلَّذِينَ أُوتُواْ ٱلۡكِتَٰبَ مِن قَبۡلِكُمۡ إِذَآ ءَاتَيۡتُمُوهُنَّ أُجُورَهُنَّ مُحۡصِنِينَ غَيۡرَ مُسَٰفِحِينَ وَلَا مُتَّخِذِيٓ أَخۡدَانٖۗ وَمَن يَكۡفُرۡ بِٱلۡإِيمَٰنِ فَقَدۡ حَبِطَ عَمَلُهُۥ وَهُوَ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ مِنَ ٱلۡخَٰسِرِينَ ٥

Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган афийфалар ҳам, агар иффатли бўлган ҳолингизда, зинокор бўлмай ва ўйнаш тутмай маҳрларини берсангиз, сизга ҳалолдир. Ким иймонни инкор қилса, унинг амали беҳуда кетади ва охиратда у зиён кўрувчилардан бўладир. 3

Izohlar

3 (Исломда мусулмонларга аҳли китобларнинг сўйган сўйишлари ҳалол қилинган. Бу оятда «таом» сўзи қўлланган, аммо ундан аҳли китобларнинг барча таомлари, жумладан, чўчқа ёки бошқа ҳаром ҳайвонларнинг гўшти, ароққа ўхшаш ичимликлари ҳам ҳалол экан-да, деб тушунилмаслиги керак. Бу нарсаларнинг ҳаромлиги ўз-ўзидан ҳаммага маълум. Асли ўзи ҳалол бўлган бошқа нарсалар ҳақида ҳам аввал айтиб ўтилди. Демак, бу ерда гап гўшти асли ҳалол бўлган ҳайвонлар аҳли китобларнинг динлари асосида сўйилган бўлса, ҳалол бўлишлиги ҳақида кетмоқда.)

Tafsir

Бугун Аллоҳ сизларга барча мазали нарсаларни ҳалол қилди. Яҳудий ва насроний каби аҳли китоблар сўйган ҳайвонлар сизлар учун ҳалол. Сизлар сўйган ҳайвонлар улар учун ҳалол. Зино қилмасдан, ўйнаш тутмасдан, маҳрини бериб уйлансангизлар, мўминаларнинг афийфалари (ўзини ҳаромдан тийганлари) ҳам, яҳудий ва насроний каби аҳли китобларнинг афийфалари ҳам сизларга ҳалол қилинди. Аллоҳнинг бандаларига нозил қилган ҳукмларига куфр келтирган кимсанинг амали ҳабата кетади. Чунки унда амал қабул бўлишининг бир шарти бўлмиш иймон йўқ. Энди у Қиёмат кунида дўзахга киради ва унда абадий қолади. Шу билан зиён кўргувчилар тоифасига қўшилади.