Al-Ma'idah surasi, 45-oyat

5:45

وَكَتَبۡنَا عَلَيۡهِمۡ فِيهَآ أَنَّ ٱلنَّفۡسَ بِٱلنَّفۡسِ وَٱلۡعَيۡنَ بِٱلۡعَيۡنِ وَٱلۡأَنفَ بِٱلۡأَنفِ وَٱلۡأُذُنَ بِٱلۡأُذُنِ وَٱلسِّنَّ بِٱلسِّنِّ وَٱلۡجُرُوحَ قِصَاصٞۚ فَمَن تَصَدَّقَ بِهِۦ فَهُوَ كَفَّارَةٞ لَّهُۥۚ وَمَن لَّمۡ يَحۡكُم بِمَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلظَّٰلِمُونَ ٤٥

Биз унда уларга: жонга — жон, кўзга — кўз, бурунга — бурун, қулоққа — қулоқ, тишга — тиш ва жароҳатларда қасос вожиб, деб ёздик. Ким у(қасос)ни кечиб юборса, бу унга каффоротдир. Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар золимлардир. 25

Izohlar

25 (Яъни, Биз Тавротда яҳудийларга жиноятчилардан қасос олишни вожиб, деб ёздик. Жонга — жон, яъни одам ўлдирганнинг ўзи ҳам ўлдирилади. Кўзга — кўз, яъни бировнинг кўзини кўр қилгандан унинг ҳам кўзини кўр қилиш ила қасос олинади. Бурун, қулоқ, тиш ва бошқа аъзолар, шунингдек, етган жароҳатларга ҳам шунга ўхшатиб қасос олинади. Ушбу ҳукм Ислом шариатида ҳам ўзгартирилмасдан қабул қилинган.)

Tafsir

Биз Тавротда яҳудийларга қасддан одам ўлдирган, қасддан бировнинг кўзини ўйиб олган, қасддан бировнинг бурнини кесган, қасддан бировнинг қулоғини кесган, қасддан бировнинг тишини суғуриб олганларга жиноятчи қанча жароҳат етказган бўлса, ўшанча жазо олишини фарз қилдик. Ким ўз ихтиёри билан жиноятчини кечириб юборса, ўзига зулм қилган одамни афв этгани туфайли бу иши гуноҳларига каффорат бўлади. Қасос ва бошқа масалаларда Аллоҳ нозил қилган ваҳий билан ҳукм қилмаганлар - ана ўшалар Аллоҳ белгилаб қўйган ҳадлардан ошган золимлардир.