إِنَّآ أَنزَلۡنَا ٱلتَّوۡرَىٰةَ فِيهَا هُدٗى وَنُورٞۚ يَحۡكُمُ بِهَا ٱلنَّبِيُّونَ ٱلَّذِينَ أَسۡلَمُواْ لِلَّذِينَ هَادُواْ وَٱلرَّبَّٰنِيُّونَ وَٱلۡأَحۡبَارُ بِمَا ٱسۡتُحۡفِظُواْ مِن كِتَٰبِ ٱللَّهِ وَكَانُواْ عَلَيۡهِ شُهَدَآءَۚ فَلَا تَخۡشَوُاْ ٱلنَّاسَ وَٱخۡشَوۡنِ وَلَا تَشۡتَرُواْ بِـَٔايَٰتِي ثَمَنٗا قَلِيلٗاۚ وَمَن لَّمۡ يَحۡكُم بِمَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡكَٰفِرُونَ ٤٤
Биз Тавротни нозил қилдик. Унда ҳидоят ва нур бор. У билан У зотга таслим бўлган Пайғамбарлар, Аллоҳнинг китобини муҳофаза қилишга мукаллаф бўлган роббонийлар ва аҳборлар яҳудий бўлганларга ҳукм юритурлар. Улар бу китобга гувоҳ қилинганлар. Одамлардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар. Менинг оятларимни арзон баҳога сотманглар. Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар кофирлардир.
Tafsir
Биз Мусо алайҳиссаломга Тавротни нозил қилдик. Унда иршод, эзгуликка чақириқ ва атрофни ёритувчи нур бор. Аллоҳга бўйсунувчи Бани Исроил пайғамбарлари, Аллоҳнинг китоби ўзгариб кетмаслигига жавобгар бўлган олимлар ва фақиҳлар у билан ҳукм юритадилар. Улар Тавротнинг ҳақ эканига гувоҳдирлар. Одамлар бу китоб борасида уларга мурожаат қиладилар. Шундай экан, эй яҳудийлар, одамлардан қўрқманглар. Ёлғиз Мендангина қўрқинглар. Аллоҳнинг дини билан ҳукм қилишдек бебаҳо неъматни мансаб, обрў ва мол-дунё каби арзон баҳога сотманглар. Аллоҳ нозил қилган ваҳий билан ҳукм қилмасдан, бошқа ҳукмни ундан афзал кўрган ёки унга тенг кўрган кимсалар - ана ўшалар ҳақиқий кофирлардир.