فَمَن تَابَ مِنۢ بَعۡدِ ظُلۡمِهِۦ وَأَصۡلَحَ فَإِنَّ ٱللَّهَ يَتُوبُ عَلَيۡهِۚ إِنَّ ٱللَّهَ غَفُورٞ رَّحِيمٌ ٣٩
Ким зулмидан кейин тавба этса ва амали солиҳ қилса, Аллоҳ, албатта, тавбасини қабул қиладир. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир. 22
Izohlar
22 (Гуноҳ қилган банда тавбага шошилмоғи лозим. Аммо бу ояти каримага чуқурроқ назар соладиган бўлсак, унда: «тавба этса ва амали солиҳ қилса», дейилмоқда. Мусулмон одам учун ёмонликдан қайтишнинг ўзи кифоя қилмас экан. Ёмонликдан қайтиш билан бирга, яхшилик амалларни қилиши ҳам зарур экан. Мадинаи Мунавварада бир аёл ўғрилик қилиб қўлга тушади. Унинг қариндош-уруғлари бундан қаттиқ ташвишланадилар. Агар қўли кесилса, бутун уруғимизга ор бўлади, деб қайғурадилар. Маслаҳатлашишиб, Усома ибн Зайд Пайғамбаримизнинг эркаси, уни ишга солайлик, кечириб юборсалар ажаб эмас, дейишади. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумо воситачилик қиладилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом қаттиқ ғазабланадилар ва масжидда жамоат намозидан сўнг хутба қилиб: «Сизга нима бўлдики, Аллоҳнинг ҳаддидан бўлмиш бир ҳадда менга воситачи қўясизлар! Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам, қўлини кесаман! Сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишига сабаб ҳам оддий одамга ҳадни жорий этиб, обрўлига жорий этмаслик эди», дедилар. («Ҳад» деганда шаръий жазо тушунилади.))
Tafsir
Ким ўғрилик қилишдан тийилиб, Аллоҳга тавба қилса ва ўзини ўнглаб олса, Аллоҳ Ўз фазли ила унинг тавбасини қабул қилади. Зеро, Аллоҳ тавба қилувчиларнинг гуноҳларини кечирадиган, уларга меҳрибон Зотдир. Аммо иш ҳокимларгача етиб борган бўлса, тавба қилишнинг ўзи билан улардан ҳад соқит бўлмайди. Яъни, улар жазодан озод этилмайдилар.