Al-Ma'idah surasi, 19-oyat

5:19

يَٰٓأَهۡلَ ٱلۡكِتَٰبِ قَدۡ جَآءَكُمۡ رَسُولُنَا يُبَيِّنُ لَكُمۡ عَلَىٰ فَتۡرَةٖ مِّنَ ٱلرُّسُلِ أَن تَقُولُواْ مَا جَآءَنَا مِنۢ بَشِيرٖ وَلَا نَذِيرٖۖ فَقَدۡ جَآءَكُم بَشِيرٞ وَنَذِيرٞۗ وَٱللَّهُ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ قَدِيرٞ ١٩

Эй, аҳли китоблар! Батаҳқиқ, сизларга Пайғамбаримиз келди. У сизларга Пайғамбарлардан бўш даврда (динни) баён қиладир. Бизга башорат бергувчи ҳам, огоҳлантиргувчи ҳам келмаган, демаслигингиз учун. Бас, батаҳқиқ, сизларга башорат бергувчи ҳам, огоҳлантиргувчи ҳам келди. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. 14

Izohlar

14 (Биз «бўш давр» деб таржима қилган сўз Қуръони Карим матнида «фатратин» дейилган. Бу сўз луғатда, сукунат, бўшлик, кесилиш ва заифлик маъноларини англатади. Шариатда бир пайғамбар билан иккинчисининг орасидаги пайғамбарсиз ўтган вақтга «фатиратун» — бўш давр дейилади. Маълумки, Ийсо алайҳиссаломнинг пайғамбарликларидан сўнг Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом келгунларига қадар орадан олти юз йил ўтган.)

Tafsir

Эй аҳли китоб - яҳудий ва насронийлар, олдинги пайғамбарлардан узилиш бўлиб, янги бир рисолат келишига жуда қаттиқ эҳтиёж туғилган бир даврда сизларга Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келди. Токи, бизга Аллоҳнинг савоби ҳақида хушхабар элтадиган, азобидан эса огоҳлантирадиган бир пайғамбар келмаган эди-да, дея узр айтолмай қолинглар. Сизларга Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг савоби ҳақида хушхабар берувчи, азобидан эса огоҳлантирувчи бўлиб келди. Аллоҳ ҳар нарсага Қодирдир. Унинг қўлидан келмайдиган иш йўқ. Пайғамбарларни ва уларнинг хотами Муҳаммад алайҳиссаломни юбориши ҳам қудратининг бир кўринишидир.