Al-Ma'idah surasi, 18-oyat

5:18

وَقَالَتِ ٱلۡيَهُودُ وَٱلنَّصَٰرَىٰ نَحۡنُ أَبۡنَٰٓؤُاْ ٱللَّهِ وَأَحِبَّٰٓؤُهُۥۚ قُلۡ فَلِمَ يُعَذِّبُكُم بِذُنُوبِكُمۖ بَلۡ أَنتُم بَشَرٞ مِّمَّنۡ خَلَقَۚ يَغۡفِرُ لِمَن يَشَآءُ وَيُعَذِّبُ مَن يَشَآءُۚ وَلِلَّهِ مُلۡكُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ وَمَا بَيۡنَهُمَاۖ وَإِلَيۡهِ ٱلۡمَصِيرُ ١٨

Яҳудий ва насоролар: «Биз Аллоҳнинг ўғилларимиз ва Унинг маҳбубларимиз», – дедилар. Уларга: «Ундай бўлса, нимага У сизларни гуноҳларингиз туфайли азоблайдир? Балки, сизлар У яратган башардирсизлар. У кимни хоҳласа, мағфират қилади. Кимни хоҳласа, азоблайдир. Осмонлару ер ва уларнинг орасидаги нарсалар Аллоҳникидир. Қайтиб бориш фақат Унинг Ўзигадир», – деб айт.

Tafsir

Яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам ўзларини Аллоҳнинг болалари ва севимли бандалари деб даъво қилдилар. Эй Пайғамбар алайҳиссалом айтингки, у ҳолда нега Аллоҳ қилган гуноҳингиз туфайли сизларни азоблайди? Агар даъвойинглар рост бўлиб, ҳақиқатан Аллоҳнинг севимли бандалари бўлганингизда сизларга бу дунёда ўлим ва ҳайвонга айлантириб қўйиш, охиратда эса дўзахга солиш каби жазоларни бермаган бўларди-ку! Чунки У Зот Ўзи яхши кўрган одамини азобламайди. Шундан кўриниб турибдики, сизлар ҳам худди бошқа одамларга ўхшаган одамсизлар. Ким бўлишидан қатъи назар, Аллоҳ яхшилик қилганларни жаннат билан мукофотласа, ёмонлик қилганларни дўзах билан азоблайди. Аллоҳ Ўз фазли ила Ўзи истаган одамини мағфират қилади, истаган одамини Ўз адли ила азоблайди. Осмонлару ер ва улар орасидага ҳамма-ҳамма нарсалар ёлғиз Аллоҳнинг мулкидир. Қайтиб борар жой ҳам ёлғиз Унгадир.