Al-Ma'idah surasi, 1-oyat

5:1

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ أَوۡفُواْ بِٱلۡعُقُودِۚ أُحِلَّتۡ لَكُم بَهِيمَةُ ٱلۡأَنۡعَٰمِ إِلَّا مَا يُتۡلَىٰ عَلَيۡكُمۡ غَيۡرَ مُحِلِّي ٱلصَّيۡدِ وَأَنتُمۡ حُرُمٌۗ إِنَّ ٱللَّهَ يَحۡكُمُ مَا يُرِيدُ ١

Эй, иймон келтирганлар! Аҳдномаларга вафо қилинг! Сизга, кейин тиловат қилинадиганларидан бошқа, чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди, эҳромдалик вақтингизда овни ҳалол санамаган ҳолингизда. Албатта, Аллоҳ нимани ирода этса, шуни ҳукм қиладир. 1

Izohlar

1 (Ояти каримадаги «аҳдномалар» сўзи аввало, инсоннинг банда сифатида Аллоҳ таоло ҳузуридаги аҳдномаларидир. Буни иймон аҳдномаси дейилади ва у ўз ичига Аллоҳнинг ягона илоҳлигини, Робблигини ва Ҳокимлигини эътироф этишни, Унга банда бўлиш, итоат қилиш ва таслим бўлишни олади. Бу аҳдномани Аллоҳ таоло биринчи инсон Одам атодан бошлаб ола бошлаган.)

Tafsir

Эй иймон келтирганлар, яратувчингиз билан қилган аҳдларингизга ҳам, одамлар билан боғлаган аҳдларингизга ҳам тўла вафо қилинглар. Аллоҳ Ўз раҳмати билан сизларга туя, сигир, қўй каби чорва ҳайвонларини ҳалол қилди. Ҳаромлиги зикр қилинганлари ҳамда ҳаж ёки умра сафарида эҳромдалик пайтида қуруқликда қилинган овлар бундан мустасно. Аллоҳ Ўз ҳикмати тақозоси билан Ўзи истаганича нарсаларни ҳалол ёки ҳаром қилади. У Зотни ҳеч ким ҳеч нарсага мажбурлай олмайди. Ҳеч ким У Зотнинг ҳукмига эътироз билдира олмайди.