Al-Imran surasi, 81-oyat

3:81

وَإِذۡ أَخَذَ ٱللَّهُ مِيثَٰقَ ٱلنَّبِيِّـۧنَ لَمَآ ءَاتَيۡتُكُم مِّن كِتَٰبٖ وَحِكۡمَةٖ ثُمَّ جَآءَكُمۡ رَسُولٞ مُّصَدِّقٞ لِّمَا مَعَكُمۡ لَتُؤۡمِنُنَّ بِهِۦ وَلَتَنصُرُنَّهُۥۚ قَالَ ءَأَقۡرَرۡتُمۡ وَأَخَذۡتُمۡ عَلَىٰ ذَٰلِكُمۡ إِصۡرِيۖ قَالُوٓاْ أَقۡرَرۡنَاۚ قَالَ فَٱشۡهَدُواْ وَأَنَا۠ مَعَكُم مِّنَ ٱلشَّٰهِدِينَ ٨١

Аллоҳ Пайғамбарлардан: «Сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун кетингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи Пайғамбар келганда, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз, — деб аҳду паймонларини олиб туриб: — Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?» деганини эсла. Улар: «Иқрор бўлдик», – дейишди. У: «Бас, гувоҳ бўлинглар, мен ҳам гувоҳ бўлувчиларданман», – деди. 36

Izohlar

36 (Ушбу ояти каримада ажойиб бир кўриниш васф этилмоқда: ҳамма пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида тўпланишган. Бу улкан йиғилишда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло пайғамбарларнинг ўзларини гувоҳ қилиб туриб, ўзи ҳам бу гувоҳликка қўшилиб туриб, улардан ишончли, таъкидланган аҳду паймон олмоқда. Демак, пайғамбар алайҳиссаломлар ўз умматларини ўзларидан кейин келадиган пайғамбарга иймон келтириш ва унга ёрдам бериш руҳида тарбиялаб келишган. Уларнинг барчалари бир силсиланинг халқларидир.)

Tafsir

Эй Пайғамбар алайҳиссалом, эсланг! Аллоҳ пайғамбарлардан аҳду паймон олиб, шундай деганди: "Сизларга ҳар қанча (муқаддас) Китоб нозил қилмай, ҳар қанча илму ҳикмат ўргатмай, ҳар қанча мақому мартабага эришмангиз, сизларга мен тарафимдан бир пайғамбар - Муҳаммад алайҳиссалом сизлардаги Китобу ҳикматни тасдиқлаб келса, у олиб келган хабарга албатта иймон келтирасизлар, унга албатта мададкор бўласизлар, албатта унга эргашасизлар. Эй пайғамбарлар, шунга иқрормисизлар ва аҳду паймон берасизларми?" Ҳаммалари: "Ҳа, иқрормиз", дея жавоб бердилар. Шунда Аллоҳ деди: "Ўзларингизга ва умматларингизга гувоҳ бўлинглар, Мен ҳам сизлар билан бирга сизларга ва уларга гувоҳ бўламан".