Al-Imran surasi, 61-oyat

3:61

فَمَنۡ حَآجَّكَ فِيهِ مِنۢ بَعۡدِ مَا جَآءَكَ مِنَ ٱلۡعِلۡمِ فَقُلۡ تَعَالَوۡاْ نَدۡعُ أَبۡنَآءَنَا وَأَبۡنَآءَكُمۡ وَنِسَآءَنَا وَنِسَآءَكُمۡ وَأَنفُسَنَا وَأَنفُسَكُمۡ ثُمَّ نَبۡتَهِلۡ فَنَجۡعَل لَّعۡنَتَ ٱللَّهِ عَلَى ٱلۡكَٰذِبِينَ ٦١

Сенга келган илмдан кейин, ким сен билан у ҳақида тортишса, Сен: «Келинглар, бизнинг болаларимизни ва сизнинг болаларингизни, бизнинг аёлларимизни ва сизнинг аёлларингизни, биз ўзимизни, сиз ўзингизни чақирамиз-да, сўнгра ёлбориб, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўраймиз», деб айтгин. 29

Izohlar

29 ( Оли Имрон сурасининг аввалидан то саксон нечанчи оятигача Пайғамбаримиз ҳузурларига Нажрон насоролари келиб, дин ҳақида, Марям ва Ийсо ҳақида тортишган вақтда нозил бўлган. Исломнинг ҳақлиги очиқ-ойдин бўлиб қолганда ҳам, рақиб тараф қайсарлик билан, ўзимники тўғри, деб туриб олган. Шунда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга уларни мубоҳалага, яъни болалар ва аёлларни тўплаб, ўзлари ҳам қўшилиб, икки тараф ҳам: «Шу масалада ким ёлғон гапираётган бўлса, ўшанга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деб дуо қилишга чақиришни буюрди.)

Tafsir

Эй Муҳаммад алайҳиссалом, сизга бу ҳақиқат билдирилганидан кейин Нажрон насоролари Ийсо алайҳиссалом ҳақида тортишиб, уни Аллоҳнинг бандаси эмас, десалар: «Келинглар, ўғилларимизни ва ўғилларингизни, аёлларимизни ва аёлларингизни, ўзимизни ва ўзингизни чақириб, бир жойга тўпланайлик-да, сўнгра ёлбориб, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўрайлик», деб айтинг.