ثُمَّ أَنزَلَ عَلَيۡكُم مِّنۢ بَعۡدِ ٱلۡغَمِّ أَمَنَةٗ نُّعَاسٗا يَغۡشَىٰ طَآئِفَةٗ مِّنكُمۡۖ وَطَآئِفَةٞ قَدۡ أَهَمَّتۡهُمۡ أَنفُسُهُمۡ يَظُنُّونَ بِٱللَّهِ غَيۡرَ ٱلۡحَقِّ ظَنَّ ٱلۡجَٰهِلِيَّةِۖ يَقُولُونَ هَل لَّنَا مِنَ ٱلۡأَمۡرِ مِن شَيۡءٖۗ قُلۡ إِنَّ ٱلۡأَمۡرَ كُلَّهُۥ لِلَّهِۗ يُخۡفُونَ فِيٓ أَنفُسِهِم مَّا لَا يُبۡدُونَ لَكَۖ يَقُولُونَ لَوۡ كَانَ لَنَا مِنَ ٱلۡأَمۡرِ شَيۡءٞ مَّا قُتِلۡنَا هَٰهُنَاۗ قُل لَّوۡ كُنتُمۡ فِي بُيُوتِكُمۡ لَبَرَزَ ٱلَّذِينَ كُتِبَ عَلَيۡهِمُ ٱلۡقَتۡلُ إِلَىٰ مَضَاجِعِهِمۡۖ وَلِيَبۡتَلِيَ ٱللَّهُ مَا فِي صُدُورِكُمۡ وَلِيُمَحِّصَ مَا فِي قُلُوبِكُمۡۚ وَٱللَّهُ عَلِيمُۢ بِذَاتِ ٱلصُّدُورِ ١٥٤
Сўнгра, ғамдан кейин сиздан бир тоифангизни қамраб олган мудроқни омонлик қилиб туширди. Бошқа тоифа эса, ўзи билан овора бўлиб, Аллоҳ ҳақида ноҳақ, жоҳилият гумонини қилиб: «Бизнинг қўлимизда нима иш бор эди», дейишди. Сен: «Ишнинг барчаси Аллоҳдандир», деб айт! Сенга ошкор қилмаган нарсаларини ичларида махфий тутарлар. Улар: «Агар қўлимизда бир иш бўлганида, бу ерда қатл қилинмас эдик», дерлар. Сен: «Агар уйларингизда бўлсангиз ҳам, қатл бўлиш тақдирида ёзилганлар ўз ўлим жойларига чиқар эдилар. Бу, Аллоҳ кўксингиздаги нарсани синаши ва қалбингиздагини яхшилаб поклаши учундир. Аллоҳ кўксингиздаги нарсани билувчи Зотдир», деб айт. 67
Izohlar
67 (Мусулмонлар Уҳуд урушида енгилиб қоча бошлаганларида, Аллоҳ таоло уларга мудроқни омонлик қилиб юбориб, ҳатто фалокатдан, бутунлай тор-мор бўлишдан сақлаб қолди. Бир оз мудраб, сўнг ўзига келган мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом атрофларида тўпланишди ва тоғнинг баландроқ, қулайроқ жойига чиқиб жойлашишди. Буни кўрган мушриклар охиригача ҳужум қилишга юраклари дов бермай, ортга қайтдилар. Мўминлардан бир тоифаси бу иш билан овора бўлиб турган бир пайтда: Бу тоифа — иймони заиф тоифа, қалбида фидокорлик туйғуси ўрнашмаган тоифа. Шу боисдан Аллоҳ учун овора бўлмайди, дину диёнат учун овора бўлмайди, Пайғамбар учун овора бўлмайди, мусулмонлар учун овора бўлмайди. Бошларига зарба етганда, иймони заифлар, мунофиқлар доимо шундай қиладилар. Бошлиқларга осилиб, ҳамма айбни уларга тўнкаб одамларни улардан айнитишга ўтадилар. Баъзи қатл бўлганлар ҳақида ҳам: «Агар бизнинг ихтиёримиз билан иш бўлганида, бундай бўлмас эди», дейдилар. Қуръони Карим уларнинг бу нотўғри васвасаларини ҳам тўғрилаб, ўлим ва ҳаёт ортидаги, синовлар замиридаги ҳикматларни баён қилади.)
Tafsir
Оғриқ ва тангликдан сўнг сизларга хотиржамлик ва ишончни нозил қилди. Аллоҳнинг ваъдасига аниқ ишонадиган тоифани ором уйқуси босди ва шу билан қалбларига тинчлик-хотиржамлик инди. Бошқа бир тоифа - мунофиқлар эса бу неъматдан бебаҳра қолиб, ухлай олмадилар. Уларнинг ўз жонларидан бошқа ғам-ташвиши йўқ эди. Шунинг учун хавфу изтиробда эдилар. Аллоҳ ҳақида бадгумон бўлиб, пайғамбарига мадад бермади, бандаларини қўлламади, деган ўйга бордилар. Бу ўйлари Аллоҳнинг қадрини билмайдиган, У Зотга чин баҳони бера олмайдиган жоҳилият гумонининг айни ўзи эди. Мунофиқлар Аллоҳни танимаганлари туфайли: "Урушга чиқиш борасида бизнинг фикримиз олинмади, олинганида чиқмаган бўлар эдик", дейишади. Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга шундай жавоб беринг: "Ишнинг ҳаммаси Аллоҳнинг Қўлидадир. У Ўзи истаганича тақдир қилади, хоҳлаганича ҳукм қилади. Чиқишингизни тақдир қилган ҳам Ўша Зотдир". Улар дилларидаги шак-шубҳа ва бадгумонликни сизга ошкор этмайдилар. Шунинг учун: "Фикримиз олинганида бу ерларда ўлиб кетмаган бўлар эдик", дейишади. Эй Пайғамбар алайҳиссалом, уларга шундай раддия билдиринг: "Жанг ва ўлим жойларидан узоқдаги уйларингизда бўлсангизлар ҳам пешонасига ўлим битилганлар ўладиган жойларига албатта келган бўлардилар". Аллоҳ қалбларингиздаги ниятларингизни, мақсадларингизни текшириш ва улардаги иймонни мунофиқликдан ажратиб олиш учун сизларга шу тақдирни битди. Аллоҳ бандаларининг қалбларидаги ниятларидан ҳам хабардордирки, ҳеч нарса У Зотдан яширин бўлолмас.