۞ إِذۡ تُصۡعِدُونَ وَلَا تَلۡوُۥنَ عَلَىٰٓ أَحَدٖ وَٱلرَّسُولُ يَدۡعُوكُمۡ فِيٓ أُخۡرَىٰكُمۡ فَأَثَٰبَكُمۡ غَمَّۢا بِغَمّٖ لِّكَيۡلَا تَحۡزَنُواْ عَلَىٰ مَا فَاتَكُمۡ وَلَا مَآ أَصَٰبَكُمۡۗ وَٱللَّهُ خَبِيرُۢ بِمَا تَعۡمَلُونَ ١٥٣
Пайғамбар ортингиздан чақириб турса ҳам ҳеч кимга қарамай тирқираб қочганингизни эсланг. Ўтган нарсага ва етган мусийбатга хафа бўлмаслигингиз учун сизга ғам устига ғам берди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор Зотдир. 66
Izohlar
66 (Аллоҳ таоло Уҳуд урушида сизга ғам устига ғам берди. Аввало жароҳат етди; кўпчилик қатл бўлди; мушриклардан мағлуб бўлдилар; ўлжадан қуруқ қолдилар; ғалабани қўлдан чиқардилар ва энг улкан ғам — Расулуллоҳни оғир ҳолда ташлаб қочишлари ва у зотнинг бошлари ёрилиб, тишлари синиб, ёноқларига темир ҳалқаларнинг кириши бўлди. Мана шу охирги ғам ҳамма ўтган нарсаларни ва етган мусибатларни унутдириб юборди.)
Tafsir
Эй мўминлар, эслангиз! Уҳуд кунида Пайғамбар алайҳиссаломнинг фармонини бажармаганингиз оқибатида юз берган мағлубиятдан кейин ҳеч нарсага қарамасдан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ортинглардан: "Эй Аллоҳнинг бандалари, менинг ёнимга келинглар, менинг ёнимга келинглар", деган гапига ҳам қулоқ солмасдан, тумтарақай қочдингиз. Натижада Аллоҳ сизларни жазолаб, ғам устига ғам юборди. Олдин ғалаба ва ўлжани қўлдан бой берганингизга сиқилган, алам тортган бўлсангиз, кейинроқ Пайғамбар алайҳиссалом ўлдирилгани ҳақидаги хабардан - мусибатдан эсанкираб қолдингиз. Кейинги мусибат олдинги ғам-аламни унуттириш учун бўлганди. Яъни, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўлдирилгани ҳақидаги хабар ёлғон бўлиб чиққанидан кейин олдинги ғалаба ва ўлжанинг қўлдан бой берилгани кўзга кўринмай қолганди. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир. Ниятингиз ҳам, амалингиз ҳам У Зотдан заррача яширин эмас.