وَلَقَدۡ صَدَقَكُمُ ٱللَّهُ وَعۡدَهُۥٓ إِذۡ تَحُسُّونَهُم بِإِذۡنِهِۦۖ حَتَّىٰٓ إِذَا فَشِلۡتُمۡ وَتَنَٰزَعۡتُمۡ فِي ٱلۡأَمۡرِ وَعَصَيۡتُم مِّنۢ بَعۡدِ مَآ أَرَىٰكُم مَّا تُحِبُّونَۚ مِنكُم مَّن يُرِيدُ ٱلدُّنۡيَا وَمِنكُم مَّن يُرِيدُ ٱلۡأٓخِرَةَۚ ثُمَّ صَرَفَكُمۡ عَنۡهُمۡ لِيَبۡتَلِيَكُمۡۖ وَلَقَدۡ عَفَا عَنكُمۡۗ وَٱللَّهُ ذُو فَضۡلٍ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ ١٥٢
Батаҳқиқ, Аллоҳ ваъдаси устидан чиқди. Сиз Унинг изни билан уларни қира бошладингиз. Токи заифлашиб, амр ҳақида ихтилоф қилиб ва сиз суйган нарсани кўрсатганидан сўнг, исён қилгунингизча. Орангизда дунёни хоҳлайдиган кимсалар бор ва орангизда охиратни хоҳлайдиган кимсалар бор. Сўнгра, сизларни имтиҳон қилиш учун улардан бурди. Батаҳқиқ, сизни афв этди. Аллоҳ мўминларга фазл эгаси бўлган Зотдир. 65
Izohlar
65 (Уҳуд жангида ғолиб келиб турган мусулмонлар бирдан мағлубиятга учрашлари исён, сусткашлик ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг амрларига хилоф қилиш оқибатида юзага келди. Ҳолбуки, Бадр ғазотида мусулмонлар сонлари, қуроллари оз бўлса ҳам, ғолиб келган эдилар. Бу эса, ўз навбатида, Аллоҳнинг мўминларга нусрат беришига ваъдаси мўминларнинг Аллоҳнинг амрига тўлиқ амал қилишларига боғлиқ эканлигини кўрсатади.)
Tafsir
Уҳуд кунида Аллоҳ сизларга берган ваъдасини бажарди. Аллоҳнинг изни билан кофирларни қира бошладингиз. Кейин эса қўрқоқлик ва заифлик қилиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг фармонини собитқадамлик билан бажара олмадингиз. Тайинланган жойда барқарор туриш ёки ўлжага ташланиш борасида талашиб-тортишдингиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам жойингиздан жилмаслик ҳақидаги Пайғамбар алайҳиссаломнинг фармонига итоатсизлик қилдингиз. Бу иш сиздан Аллоҳ сизга ўзингиз ёқтирадиган ғалабани ато этганидан кейин содир бўлди. Кимдир дунёвий ўлжани истаб, жойини тарк этди. Яна кимдир охират савобини истаб, жойида қолди. Жойида қолганлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг фармонига итоат этганлардир. Шундан сўнг Аллоҳ синаш учун сизларни улардан буриб қўйди ва уларнинг қўли устун кела бошлади. Натижада, балога сабр қила олган мўминлар қадами тойилиб, заифлик қилганлардан ажралиб қолди. Энди Аллоҳ Пайғамбар алайҳиссаломнинг фармонига итоатсизлик этганингизни афв этди. Аллоҳ мўминларга фазлу марҳаматли Зотдирки, уларни иймонга ҳидоят қилди, гуноҳларини кечирди ва мусибатларига яраша савоб берди.