لَّقَدۡ صَدَقَ ٱللَّهُ رَسُولَهُ ٱلرُّءۡيَا بِٱلۡحَقِّۖ لَتَدۡخُلُنَّ ٱلۡمَسۡجِدَ ٱلۡحَرَامَ إِن شَآءَ ٱللَّهُ ءَامِنِينَ مُحَلِّقِينَ رُءُوسَكُمۡ وَمُقَصِّرِينَ لَا تَخَافُونَۖ فَعَلِمَ مَا لَمۡ تَعۡلَمُواْ فَجَعَلَ مِن دُونِ ذَٰلِكَ فَتۡحٗا قَرِيبًا ٢٧
Батаҳқиқ, Аллоҳ Расулининг тушини ҳақ ила тасдиқлади, албатта, Масжидул Ҳаромга, иншоаллоҳ, омонликда, сочларингиз олинган, қисқартирилган ҳолда, қўрқмасдан кирасизлар. Бас, У сиз билмаган нарсани билади ва сизларга бундан бошқа яқин фатҳни қилди. 14
Izohlar
14 (Бу оятда Аллоҳ таоло мўминларга бир неча хушхабар етказмоқда. Аввало, Пайғамбар алайҳиссаломнинг тушларини тасдиқламоқда. Қолаверса, Масжидул Ҳаромга кириш албатта насиб этишининг хабарини бермоқда. Ушбу хабарни Аллоҳнинг Ўзи таъкидлаб бераётганига қарамай, яна Ўзи «иншоаллоҳ» — Аллоҳ хоҳласа, деган иборани ишлатмоқда. Бундай дейиш иймон одобларидан бўлиб, дунёдаги ҳар бир ишни ва воқеани Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлашдан иборатдир. Бу ваъда Ҳудайбия сулҳидан кўп ўтмай амалга ошди.)
Tafsir
Аллоҳ Расулига тушини ҳақ ила рост айлади. Пайғамбар алайҳиссалом тушида саҳобалари билан бирга Масжидул-Ҳаромга душмандан хавфсирамасдан кириб борганди. Улардан айримлари сочларини тўла олдирган бўлсалар, бошқалари қисқартирган эдилар. Бас, эй мўминлар, сизларга нима фойдали бўлишини ўзларингиз эмас, Аллоҳ билди. Шунга кўра, Маккага кириб бориш ҳақидаги шу туш рўёбга чиқишидан олдин бошқа бир зафарни, яъни, Ҳудайбия сулҳи ва ундан кейинги Хайбар фатҳини амалга оширди. Хайбар Ҳудайбияда қатнашган мўминлар қўли билан фатҳ этилди.