Al-Baqarah surasi, 282-oyat

2:282

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِذَا تَدَايَنتُم بِدَيۡنٍ إِلَىٰٓ أَجَلٖ مُّسَمّٗى فَٱكۡتُبُوهُۚ وَلۡيَكۡتُب بَّيۡنَكُمۡ كَاتِبُۢ بِٱلۡعَدۡلِۚ وَلَا يَأۡبَ كَاتِبٌ أَن يَكۡتُبَ كَمَا عَلَّمَهُ ٱللَّهُۚ فَلۡيَكۡتُبۡ وَلۡيُمۡلِلِ ٱلَّذِي عَلَيۡهِ ٱلۡحَقُّ وَلۡيَتَّقِ ٱللَّهَ رَبَّهُۥ وَلَا يَبۡخَسۡ مِنۡهُ شَيۡـٔٗاۚ فَإِن كَانَ ٱلَّذِي عَلَيۡهِ ٱلۡحَقُّ سَفِيهًا أَوۡ ضَعِيفًا أَوۡ لَا يَسۡتَطِيعُ أَن يُمِلَّ هُوَ فَلۡيُمۡلِلۡ وَلِيُّهُۥ بِٱلۡعَدۡلِۚ وَٱسۡتَشۡهِدُواْ شَهِيدَيۡنِ مِن رِّجَالِكُمۡۖ فَإِن لَّمۡ يَكُونَا رَجُلَيۡنِ فَرَجُلٞ وَٱمۡرَأَتَانِ مِمَّن تَرۡضَوۡنَ مِنَ ٱلشُّهَدَآءِ أَن تَضِلَّ إِحۡدَىٰهُمَا فَتُذَكِّرَ إِحۡدَىٰهُمَا ٱلۡأُخۡرَىٰۚ وَلَا يَأۡبَ ٱلشُّهَدَآءُ إِذَا مَا دُعُواْۚ وَلَا تَسۡـَٔمُوٓاْ أَن تَكۡتُبُوهُ صَغِيرًا أَوۡ كَبِيرًا إِلَىٰٓ أَجَلِهِۦۚ ذَٰلِكُمۡ أَقۡسَطُ عِندَ ٱللَّهِ وَأَقۡوَمُ لِلشَّهَٰدَةِ وَأَدۡنَىٰٓ أَلَّا تَرۡتَابُوٓاْ إِلَّآ أَن تَكُونَ تِجَٰرَةً حَاضِرَةٗ تُدِيرُونَهَا بَيۡنَكُمۡ فَلَيۡسَ عَلَيۡكُمۡ جُنَاحٌ أَلَّا تَكۡتُبُوهَاۗ وَأَشۡهِدُوٓاْ إِذَا تَبَايَعۡتُمۡۚ وَلَا يُضَآرَّ كَاتِبٞ وَلَا شَهِيدٞۚ وَإِن تَفۡعَلُواْ فَإِنَّهُۥ فُسُوقُۢ بِكُمۡۗ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَۖ وَيُعَلِّمُكُمُ ٱللَّهُۗ وَٱللَّهُ بِكُلِّ شَيۡءٍ عَلِيمٞ ٢٨٢

Эй, иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар ҳақ зиммасига тушган киши эси паст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийи адолат билан айтиб турсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин. Иккови(аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқаларининг эсига солади. Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар. Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг. Шундоқ қилмоғингиз, Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир. Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам, сизга гуноҳ бўлмас. Олди-сотди қилганингизда, гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм берадир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир. 132

Izohlar

132 (Ояти карима «ҳақ зиммасига тушган киши» деганда қарз олувчини назарда тутган. Демак, ўртадаги киши келиб қарз олди-бердини ёзаётган вақтда матнни қарз олувчи айтиб туради. Аввало, қарз олаётганини эътироф қилади. Қарзнинг миқдорини, шартини ва муддатини айтади. Бу нарсаларни қарз берувчи айтиб турса, ўз фойдасига буриб юбормасин, деган эҳтиёт чораси туфайли шундай қилинади. Қарз олувчи муҳтож бўлиб тургани учун бундай қилмаслиги аниқроқ. Чунки у муомаланинг тезроқ амалга ошишига муҳтож. Шундай бўлса ҳам, ояти карима яна бир бор, уни Роббига тақво қилишга ва ҳеч нарсани камайтирмасликка даъват қилмоқда. Агар қарз олаётган одам эси паст, молиявий ишлар тадбирини билмайдиган бўлса, заифлиги (ёши кичикдир ёки ўта кексадир, касалдир) туфайли ёки тилидаги айби, билмаслиги ва бошқа мавжуд айблар туфайли айтиб тура олмаса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Чунки валийлар бошқа ишларда ҳам ўз қарамоғидагиларнинг масъулиятини оладилар. Молиявий олди-берди катта аҳамиятга эгадир, чунки бунда орага молу пул аралашади. Бундай ҳолда биров бошқасининг ҳақини еб кетишининг йўлини ҳар жиҳатдан тўсиш лозим. Бунда адолатли котиб ёздириб қўйиш билан кифояланмай, яна мусулмонлардан икки эркак кишини гувоҳ қилишга ҳам амр бўлмоқда. Исломда гувоҳликка доимо адолатли кишилар ўтиши зарур, бу нарса бошқа жойларда кўп таъкидлангани учун бу ерда қайта айтилмади. Аммо барибир бу шарт бекор бўлмайди. Чунки шариат ўлчовида адолатсиз бўлган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди.)

Tafsir

Эй Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарига эргашган мўминлар, қарзга оид муомала қилганингизда, яъни, бировингиз бошқангизга муайян муддатга қарз берганда уни ёзиб қўйинглар. Бир котиб шариатга мувофиқ инсоф билан тўғрисини ёзсин. Котиб Аллоҳ билдирганидек адолат билан ёзишдан бош тортмасин. Қарз олаётган одам айтиб турсин ва котиб ёзсин. Шу иши унинг қарз олганига иқрори бўлади. Парвардигоридан тақво қилсин-да, қарзнинг миқдори, сифати ва аҳволи ҳақида бирон жойини кам айта кўрмасин. Агар қарз олаётган одам бу ишнинг уддасидан чиқа олмаса ёки ёшлиги ё ақли заифлиги туфайли ожиз бўлса ёки гунглик каби бирон нуқсони сабабли айтиб тура олмаса, унинг ўрнига шу ишга масъул бўлган ҳомий вакили айтиб турсин. У ҳам инсоф билан ростини айтсин. Иккита ақлли, адолатли эркакни гувоҳликка чақиринглар. Икки эркак топилмаса, бир эркак ҳамда икки диндор ва омонатдор аёл бўлсин. Аёллардан бири унутган жойини иккинчиси эслатиб туради. Гувоҳлар қарз муомаласида гувоҳликка чақирилсалар, рад этмасинлар. Гувоҳ бўлиш уларнинг бурчларидир. Қарз оз бўлсин, кўп бўлсин аниқ муддат белгилаб ёзиб қўйишни малол олманглар. Ёзиб қўйиш Аллоҳнинг шариатида адолатлироқ, гувоҳларнинг гувоҳлик беришлари борасида мукаммалроқ, қарзнинг нави, миқдори ва муддати борасида шубҳага ўрин қолдирмайдиганроқ ишдир. Лекин агар муомала нақд нарса ва аниқ нарх билан савдо қилиш бўлса, уни ёзмасангизлар ҳам бўлаверади. Чунки бундай пайтда ёзишга ҳожат қолмайди. Низонинг олдини олиш учун гувоҳ чақириш шариатлаштирилди. Котиблар ва гувоҳларга зарар қилиш жоиз эмас. Айни пайтда котиблар ва гувоҳлар ҳам ёзиб бериш ёки гувоҳликка ўтиб беришни илтимос қилган кишига зарар қилмасинлар. Зарар қилиш Аллоҳга итоатсизлик, маъсиятдир. Эй мўминлар, Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш билан тақво қилинглар. Аллоҳ сизларга дунё ва охиратингизни ислоҳ қиладиган ишларни ўргатади. Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб-билиб туради. Ҳеч нарса У Зотдан яширин қолмайди.