Al-Baqarah surasi, 259-oyat

2:259

أَوۡ كَٱلَّذِي مَرَّ عَلَىٰ قَرۡيَةٖ وَهِيَ خَاوِيَةٌ عَلَىٰ عُرُوشِهَا قَالَ أَنَّىٰ يُحۡيِۦ هَٰذِهِ ٱللَّهُ بَعۡدَ مَوۡتِهَاۖ فَأَمَاتَهُ ٱللَّهُ مِاْئَةَ عَامٖ ثُمَّ بَعَثَهُۥۖ قَالَ كَمۡ لَبِثۡتَۖ قَالَ لَبِثۡتُ يَوۡمًا أَوۡ بَعۡضَ يَوۡمٖۖ قَالَ بَل لَّبِثۡتَ مِاْئَةَ عَامٖ فَٱنظُرۡ إِلَىٰ طَعَامِكَ وَشَرَابِكَ لَمۡ يَتَسَنَّهۡۖ وَٱنظُرۡ إِلَىٰ حِمَارِكَ وَلِنَجۡعَلَكَ ءَايَةٗ لِّلنَّاسِۖ وَٱنظُرۡ إِلَى ٱلۡعِظَامِ كَيۡفَ نُنشِزُهَا ثُمَّ نَكۡسُوهَا لَحۡمٗاۚ فَلَمَّا تَبَيَّنَ لَهُۥ قَالَ أَعۡلَمُ أَنَّ ٱللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ قَدِيرٞ ٢٥٩

Ёки шифтлари устига қулаган қишлоқдан ўтган кишига ўхшашни кўрмадингми? У: «Аллоҳ буни ўлимдан кейин қандай тирилтирур?» – деди. Бас, Аллоҳ уни юз йил ўлдирди, сўнгра, қайта тирилтирди. «Қанча ётдинг?» – деди. У: «Бир кун ёки бир куннинг баъзисича ётдим», – деди. «Балки, юз йил ётдинг, таомингга ва шаробингга назар сол, ўзгаргани йўқ ва эшагингга ҳам қара. Сени одамларга ибрат қилиш учун шундай қилдик. Ва суякларга назар сол, уларни қандоқ ҳаракатга соламиз ва уларга қандоқ гўшт кийгизамиз», – деди. Унга равшан бўлганда: «Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирлигини билдим», – деди. 119

Izohlar

119 (Демак, ўша киши Аллоҳ таолонинг ҳар бир нарсага қодир эканига шубҳа билан қарарди. Шунда Аллоҳ таоло унга, ўлган нарсаларни қандай қилиб тирилтиришини тушунтириб ўтирмади-да, у банданинг ўзини тажриба қилиб қўя қолди: «Бас, Аллоҳ уни юз йил ўлдирди, сўнгра қайта тирилтирди». Бўлиб ўтган воқеани тушуниб етиш учун Аллоҳ унга: «Қанча ётдинг?» деди». У одам ўзининг қанча ётганини қаердан билсин. Вақтни сезиш тирик, ҳаёт нашидасини суриб турган кишиларга хос хусусият. У бўлса, юз йил ўлиб ётди. Бунинг устига, ҳис-туйғу одамни алдайди ҳам. Шунинг учун: «У: «Бир кун ёки бир кунининг баъзисича ётдим», деди». Ўзининг билганича жавоб берди. Ўзининг юз йил ўлиб ётиб, яна қайта тирилгани унга бир кун ёки бир кундан ҳам озроқ ётгандай бўлиб кўринди. Бу ҳолати ўзига тасдиқлатиб олингандан сўнг, бўлган ишнинг ҳақиқати унга айтилди: «Балки юз йил ётдинг», дейилди.)

Tafsir

Томлари йиқилиб, деворлари ағанаб, аҳолиси қирилиб, ўзи ҳувиллаб қолган қишлоқдан ўтган одамни кўрдингизми? У ҳайратланиб: "Аллоҳ бу тугаб бўлган қишлоқни қандай тирилтирар экан-а", деганди. Шунда Аллоҳ унинг ўзини юз йил муддатга ўлдириб, қайта тирилтирди ва ундан: "Ўлик ҳолингда қанча турдинг?", деб сўради. У: "Бир кун ё ярим кун", деб жавоб берди. Шунда Аллоҳ унга деди: "Юз йил турдинг. Таом ва ичимлигингга қара, қандай бўлса, ўшандоқ турибди, заррача ўзгармаган. Ҳолбуки, озиқ-овқат энг тез ўзгарадиган маҳсулот. Анави ўлиб ётган эшагингга қара, чириб, суяклари ажраб ётибди. Энди сени Аллоҳнинг қайта тирилтиришга қодир эканини кўрсатувчи ҳужжат-аломат қилишимиз учун эшагингнинг сочилиб кетган суякларини қандай бирлаштиришимизга, кейин уларнинг устига қандай гўшт қоплашимизга ва шу билан янги ҳаёт бахш этишимизга қара". Буларнинг ҳаммасини кўргач, унга ҳақиқат ойдинлашди ва эътироф этиб: "Аллоҳ ҳар ишга Қодир эканини биламан", деди.