وَإِذۡ قَالَ إِبۡرَٰهِـۧمُ رَبِّ أَرِنِي كَيۡفَ تُحۡيِ ٱلۡمَوۡتَىٰۖ قَالَ أَوَلَمۡ تُؤۡمِنۖ قَالَ بَلَىٰ وَلَٰكِن لِّيَطۡمَئِنَّ قَلۡبِيۖ قَالَ فَخُذۡ أَرۡبَعَةٗ مِّنَ ٱلطَّيۡرِ فَصُرۡهُنَّ إِلَيۡكَ ثُمَّ ٱجۡعَلۡ عَلَىٰ كُلِّ جَبَلٖ مِّنۡهُنَّ جُزۡءٗا ثُمَّ ٱدۡعُهُنَّ يَأۡتِينَكَ سَعۡيٗاۚ وَٱعۡلَمۡ أَنَّ ٱللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٞ ٢٦٠
Эсла, Иброҳим: «Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганда, У Зот: «Ишонмадингми?» – деди. У: Оре, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», – деди. У зот: «Қушдан тўртта олгин-да, ўзингга тортиб, кесиб майдала, сўнгра, улардан ҳар бир тоққа бўлакларини қўйгин, кейин уларни ўзингга чақир, ҳузурингга тезлаб келадилар», – деди. «Ва билгинки, албатта, Аллоҳ Азийз ва Ҳакийм Зотдир». 120
Izohlar
120 (Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таоло ўликларни тирилтира олишига ҳеч қандай шубҳа қилмас эдилар. У зотнинг бунга ишончлари комил эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло «Ишонмадингми?» деб сўраганида: «Оре (ишондим), лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», дедилар. Дилда ишонган нарсани, кўз билан кўриб, Аллоҳ таолонинг қудратига қойил қолиб, мўмин банда ўз Роббининг мўъжизаларини кўриб маза қилгандек маза қилиб, кўнгли хотиржам бўлиши учун сўраганлар.)
Tafsir
Эсланг, эй Пайғамбар алайҳиссалом, Иброҳим алайҳиссалом: "Парвардигоро, ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат, ўз кўзим кўрай", деганида, Аллоҳ: "Ишонмаганмидинг?", деди. Иброҳим: "Ишонгандим, лекин қалбим яна ҳам таскин топиши учун", деди. Шунда Аллоҳ унга деди: "Тўртта қушни олгин-да, уларни майдалаб ташла, кейин атрофдаги тоғларга бўлакларини сочиб юбор, ундан кейин уларни ўзингга чақир, ҳаммаси олдингга дарҳол етиб келадилар. Билгилки, эй Иброҳим, Аллоҳ Ўз мулкида ғолиб, Азиз ҳамда ҳар бир ишини, ҳукмини ва яратишини ҳикмат билан қиладиган Зотдир".