۞ يَسۡـَٔلُونَكَ عَنِ ٱلۡخَمۡرِ وَٱلۡمَيۡسِرِۖ قُلۡ فِيهِمَآ إِثۡمٞ كَبِيرٞ وَمَنَٰفِعُ لِلنَّاسِ وَإِثۡمُهُمَآ أَكۡبَرُ مِن نَّفۡعِهِمَاۗ وَيَسۡـَٔلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَۖ قُلِ ٱلۡعَفۡوَۗ كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ ٱللَّهُ لَكُمُ ٱلۡأٓيَٰتِ لَعَلَّكُمۡ تَتَفَكَّرُونَ ٢١٩
Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт. Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: «Ортиқчасини», деб айт. Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, тафаккур қилсангиз. 94
Izohlar
94 (Оятдаги «хамр» сўзини ичкилик, ароқ ёки вино деб таржима қилмадик. Чунки «хамр» сўзи умумий бўлиб, истеъмол қилган кишининг ақлини тўсувчи, яъни бир оз бўлса-да таъсир ўтказувчи барча нарсага айтилади. Бунинг ичига наша, қорадори, кўкнори ва бошқалар ҳам киради. Дунёда адолат ўрнатиш, Ер юзида Аллоҳнинг халифаси бўлиш вазифаси юклатилган шахс ароқхўр ёки қиморбоз ва молини ноўрин сарфлайдиган бўлиши мумкинми? Албатта, йўқ. Ҳолбуки, хамр ичиш, қимор ўйнаш ва ноўрин нафақа қилиш ҳоллари жоҳилият вақтида кишилар ҳаётига сингиб кетган эди. Хамрсиз ҳаётни тасаввур қила олмас эдилар.)
Tafsir
Эй Муҳаммад алайҳиссалом, сиздан саҳобаларингиз ароқ, яъни, ақлни оладиган, кеткизадиган ичимликнинг ичиш, сотиб олиш ва сотиш ҳақидаги ҳукмини, қимор, яъни, ўртага пул, мол-давлат тикилиб, ютган тараф кўпроғини оладиган, ютқазган пулидан, мол-давлатидан айриладиган ўйиннинг ҳукми ҳақида сўрайдилар. Айтингки, уларда ақлдан ва молдан айрилиш, одамлар орасида адоват ва нафратнинг пайдо бўлиши каби диний ва дунёвий зарарлар бор. Айни пайтда уларда пул ишлаб олиш каби бирозгина фойдалар ҳам бор. Зарари ва гуноҳи фойдасидан кўпроқ. Ақлли одам фойдасидан зарари кўп нарсага яқинлашмайди. Бу оят ароқнинг ҳаром қилинишига замин ҳозирлаш бўлганди. Яна саҳобаларингиз сиздан Эй Пайғамбар алайҳиссалом, мол-давлатларидан қанча миқдорини инфоқ-эҳсон қилиш ҳақида ҳам сўрайдилар. Эҳтиёжинглардан ортганини, деб жавоб беринг. Бу борада дастлаб ҳукм шундай бўлганди. Кейинроқ Аллоҳ махсус маблағ муайян нисобга етганидан кейин ундан аниқ бир миқдор ажратилиши ҳақида закотни фарз қилди. Аллоҳ мана шундай чалкашлик аралашмаган очиқ-равшан баёнлар билан сизларга шариатнинг ҳукмларини баён қилади. Шоядки, тафаккур қилсангизлар.