فِي ٱلدُّنۡيَا وَٱلۡأٓخِرَةِۗ وَيَسۡـَٔلُونَكَ عَنِ ٱلۡيَتَٰمَىٰۖ قُلۡ إِصۡلَاحٞ لَّهُمۡ خَيۡرٞۖ وَإِن تُخَالِطُوهُمۡ فَإِخۡوَٰنُكُمۡۚ وَٱللَّهُ يَعۡلَمُ ٱلۡمُفۡسِدَ مِنَ ٱلۡمُصۡلِحِۚ وَلَوۡ شَآءَ ٱللَّهُ لَأَعۡنَتَكُمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٞ ٢٢٠
Бу дунё ва охират ҳақида. Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен: «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир», деб айт. Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз. Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади. Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка соларди. Албатта, Аллоҳ Азийз ва ҳикматли Зотдир. 95
Izohlar
95 (Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтишларича, етимларни ўз кафолатига олган кишилар, етимларнинг ҳаққини еб қўймайлик, деб уларнинг овқатларини ҳам, ичимликларини ҳам алоҳида қилиб қўйишган экан. Ҳатто етимдан бирор овқат ортиб қолса, ўзи емаса, бузилиб кетса ҳам, биров емайдиган бўлибди. Бундай қийин ҳолни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга зикр қилишганида, Аллоҳ таоло: «Сендан етимлар ҳақида сўрайдилар», оятини нозил қилган экан.)
Tafsir
Бу иш дунё ва охиратингизга фойдали бўлган ишлар ҳақида фикр юритишингиз учун шариат қилинди. Эй Пайғамбар алайҳиссалом, сиздан саҳобаларингиз етимларга қандай ҳомийлик қилиш, улар билан қандай муомалада бўлиш, кундалик сарф-харажатларда уларнинг пуллари билан ўзларининг пулларини аралаштириб юборишлари ҳақида сўрайдилар. Айтингки, фазлу марҳамат кўрсатиб, етимларнинг мол-давлатига қўл теккизмасдан уларни ўз қарамоғингизга олсангиз, ўзингиз учун яхши бўлади. Лекин агар озиқ-овқат, турар-жой каби кундалик сарф-харажатларда уларнинг молини ўзингизнинг молингизга аралаштириб юборсангиз ҳам зарари йўқ. Чунки улар диний биродарларингиз. Биродарлар бир-бирларига ёрдам бериб, бирининг ишини бошқаси қилиб кетаверади. Энди шу мол-давлатларини аралаштириш билан ҳомийлардан қайси бири бузғунчиликни ва қайси бири ислоҳ қилишни истаётганини Аллоҳ билиб туради. Агар Аллоҳ шу етимлар ишида сизларга оғир қилишни истаганида шундай қилган бўларди. Лекин ҳар қандай нуқсондан пок Аллоҳ сизларга етимлар билан муомала қилиш йўлларини осон, енгил қилди. Зеро, Аллоҳнинг шариати енгиллик асосига барпо бўлгандир. Аллоҳ Азиздирки, ҳеч ким, ҳеч нарса Ундан ғолиб бўла олмас. Аллоҳ яратишида ҳам, тадбир қилишида ҳам, шариатлаштиришида ҳам ҳар бир ишни ҳикмат билан қиладиган Ҳаким Зотдир.