Al-Baqarah surasi, 212-oyat

2:212

زُيِّنَ لِلَّذِينَ كَفَرُواْ ٱلۡحَيَوٰةُ ٱلدُّنۡيَا وَيَسۡخَرُونَ مِنَ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْۘ وَٱلَّذِينَ ٱتَّقَوۡاْ فَوۡقَهُمۡ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِۗ وَٱللَّهُ يَرۡزُقُ مَن يَشَآءُ بِغَيۡرِ حِسَابٖ ٢١٢

Куфр келтирганларга бу дунё ҳаёти зийнатланди ва улар иймон келтирганларни масхара қилурлар. Ва ҳолбуки, қиёмат куни тақво қилганлар улардан устундир. Аллоҳ кимни хоҳласа, беҳисоб ризқ берур. 89

Izohlar

89 (Кофирларнинг Аллоҳ йўлига юрмасликларининг сабаби дунё ҳаётининг зийнатидир. Уларнинг бирдан-бир мақсади, фикри-зикри ва орзу-умиди — шу беш кунлик дунёнинг ҳой-ҳаваси, зийнатидир. Кофирлар ҳаётнинг маъносини шунда, деб тушунадилар. Иймонсиз бўлганлари учун ҳайвоний тасаввур ва чегарадан ташқарига чиқа олмайдилар. Мўмин киши учун эса, бу дунёнинг зийнати ҳақир ва аҳамиятсиз нарса ҳисобланади. Улар дунё ҳой-ҳавасига ўч бўлишни ўзларига ор ҳисоблайдилар. Ҳақиқий ҳаёт — охират ҳаёти келган чоқда эса, ҳамма нарса ўз ўрнига тушади. Ўшанда, яъни қиёмат кунида мўминлар, тақво қилганлар кофирлардан устун бўладилар. Ризқи рўзга келадиган бўлсак, уни Аллоҳ таоло кимга хоҳласа, беҳисоб беради. Ризқ берувчи Унинг Ўзи. Мўминга ҳам, кофирга ҳам бераверади.)

Tafsir

Аллоҳга куфр келтирганларнинг кўзига бу дунё ҳаёти ва ундаги ўткинчи лаззатлар чиройли кўринади, оҳанрабодек ўзига тортади. Улар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганларни масхара қиладилар. Аллоҳнинг буйруқларини бажариб, тақиқларидан тийилган тақводорларнинг мартабалари эса охиратда улардан баланд бўлади. Зеро, Аллоҳ уларни Адн жаннатларига киритади. Аллоҳ Ўзи истаган бандасига беҳисоб неъматлар ато этади.