Al-Baqarah surasi, 198-oyat

2:198

لَيۡسَ عَلَيۡكُمۡ جُنَاحٌ أَن تَبۡتَغُواْ فَضۡلٗا مِّن رَّبِّكُمۡۚ فَإِذَآ أَفَضۡتُم مِّنۡ عَرَفَٰتٖ فَٱذۡكُرُواْ ٱللَّهَ عِندَ ٱلۡمَشۡعَرِ ٱلۡحَرَامِۖ وَٱذۡكُرُوهُ كَمَا هَدَىٰكُمۡ وَإِن كُنتُم مِّن قَبۡلِهِۦ لَمِنَ ٱلضَّآلِّينَ ١٩٨

Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир. Арафотдан қайтиб тушганингизда, Аллоҳни Машъарул Ҳаромда зикр қилинг. Илгари адашганлардан бўлсангиз ҳам, сизни ҳидоятга бошлагани учун Уни зикр қилинг. 85

Izohlar

85 (Оятда зикр қилинган «фазл» сўзи ризқ, касб маъносини англатади. Одамлар ўртасида ҳажга борган киши тижорат билан ёки бошқа бирор касб билан шуғулланса бўлмайди, деган тушунча бор эди. Имом Насафий ривоят қилишларича, бир қавм: «Ҳаммоллик ва тожирлик қилган одамнинг ҳажи ҳаж бўлмайди», деган гапни тарқатганида, шу оят нозил бўлган экан. Шунга ўхшаш маънолар бошқа ривоятларда ҳам келган. Имом Аҳмад қилган ривоятда, Абу Умома айтадиларки: «Абдуллоҳ ибн Умардан, биз кирага ишлаймиз, ҳаж қилсак бўларми?» деб сўрасам, «Байтуллоҳни тавоф қилиб, Арофатда вуқуф қилиб, тош отиб, сочингизни олдирасизми?» деди. «Албатта», дедим. У киши: «Бир одам Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, сен ҳозир мендан сўраган нарсани сўраган эди, жавоб бермай турдилар. Сўнг Жиброил «Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир», деган оятни олиб тушди, дедилар. Илгари мусулмонлар Исломдан олдинги ҳаётлари билан мусулмон бўлганларидан кейинги ҳаётларини солиштириб кўриб, бу улуғ неъматларни тушуниб етар эдилар ва уни берган Аллоҳга шукр қилар эдилар.)

Tafsir

Ҳаж мавсумида тижорат ёки бошқа йўл билан ризқ талабида тирикчилик қилсанглар, гуноҳ йўқ. Зул-ҳижжанинг тўққизинчи куни Арафотда туриб, ўнинчига ўтар кечада Муздалифага қараб туша бошлайсизлар. Муздалифадаги Машъарул-Ҳаромда тасбеҳ, таҳлил ва дуолар билан Аллоҳни зикр қилинглар. Илгари Аллоҳнинг шариатидан бехабар бўлганингларни, кейин эса Парвардигорнинг Ўзи сизларга динига оид таълимотларни бергани ва ҳаж ибодатларини ўргатганини эсланглар.