وَكَذَٰلِكَ جَعَلۡنَٰكُمۡ أُمَّةٗ وَسَطٗا لِّتَكُونُواْ شُهَدَآءَ عَلَى ٱلنَّاسِ وَيَكُونَ ٱلرَّسُولُ عَلَيۡكُمۡ شَهِيدٗاۗ وَمَا جَعَلۡنَا ٱلۡقِبۡلَةَ ٱلَّتِي كُنتَ عَلَيۡهَآ إِلَّا لِنَعۡلَمَ مَن يَتَّبِعُ ٱلرَّسُولَ مِمَّن يَنقَلِبُ عَلَىٰ عَقِبَيۡهِۚ وَإِن كَانَتۡ لَكَبِيرَةً إِلَّا عَلَى ٱلَّذِينَ هَدَى ٱللَّهُۗ وَمَا كَانَ ٱللَّهُ لِيُضِيعَ إِيمَٰنَكُمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ بِٱلنَّاسِ لَرَءُوفٞ رَّحِيمٞ ١٤٣
Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта миллат қилдик. Сен аввал юзланган қиблани, фақат, ортга бурилиб кетадиганлар ким-у, Пайғамбарга эргашувчилар ким эканини билиш учунгина қилганмиз. Гарчи бу иш Аллоҳ ҳидоятга солганлардан бошқаларга оғир бўлса ҳам. Аллоҳ иймонингизни зое қилмас. Албатта, Аллоҳ одамларга меҳрибон ва раҳимлидир. 59
Izohlar
59 (Аллоҳ таоло мусулмонларни ўрта уммат қилган. Биз «ўрта» деб таржима қилган сўз арабчада «васат» деб келган ва яхши, ўрта, марказ ва адолатли маъноларини англатади. «Ўрта» маънода кўпроқ ишлатилгани учун таржимага шу маъно ихтиёр қилинди. Ўртанинг яхши дейилаётганига боис шуки, четлар чет бўлгани учун ҳам ҳар хил таъсирларга кўп учрайди ва бузилиш эҳтимоли кўпроқ. Аммо ўрта бузилмай, яхши ҳолича қолади. Ўртага адолат маъноси берилишининг сабаби эса, «ўрта» атрофларга нисбатан бир хил туради, бирор томонга оғиб, адолатни бузмайди. Оятдан, худди сизлар ўзларингиз ўрта уммат бўлганингиз учун қиблаларингизни ҳам шундоқ қилдик, деган маъно чиқади.)
Tafsir
Сизларга Ўзимизга маъқул бўлган қиблани тайинлаб берганимиз каби сизларни ақидалар, ибодатлар ва муомалалар борасида бутун умматлар орасидаги ўрта миллат қилдик. Токи, пайғамбарлар Аллоҳнинг фармонларини умматларга етказганларига сизлар гувоҳ бўласизлар, пайғамбарларнинг ўзлари эса сизларга етказганларига гувоҳ бўладилар. Сизларни юзланиб турган қибланглар Байтул-Мақдисдан Каъба тарафига буришимизнинг сабаби Аллоҳнинг шариатига ким рози бўлиб, дарҳол унга бўйсунади-ю, яна ким ҳавойи нафсига эргашиб, Аллоҳнинг шариатидан юз ўгириб, динидан қайтади, шуни аниқлаш эди. Шубҳасиз, қибланинг ўзгартирилиши оғир иш. Лекин Аллоҳ чин иймон билан сийлаган бандалари учун оғир эмас. Аллоҳ бандаларига қайси бир ишни ҳукм қилса, унда етук ҳикматлар бор. Аллоҳ сизларнинг иймонларингизни ҳам, қибла ўзгаришидан олдин ўқиган намозларингизни ҳам зое қилмайди. Аллоҳ инсонларга меҳрибон ва раҳмлидир. Уларга ишларни оғирлаштириб ҳам юбормайди, қилган амалларининг савобларини зое ҳам қилмайди.