Al-Baqarah surasi, 136-oyat

2:136

قُولُوٓاْ ءَامَنَّا بِٱللَّهِ وَمَآ أُنزِلَ إِلَيۡنَا وَمَآ أُنزِلَ إِلَىٰٓ إِبۡرَٰهِـۧمَ وَإِسۡمَٰعِيلَ وَإِسۡحَٰقَ وَيَعۡقُوبَ وَٱلۡأَسۡبَاطِ وَمَآ أُوتِيَ مُوسَىٰ وَعِيسَىٰ وَمَآ أُوتِيَ ٱلنَّبِيُّونَ مِن رَّبِّهِمۡ لَا نُفَرِّقُ بَيۡنَ أَحَدٖ مِّنۡهُمۡ وَنَحۡنُ لَهُۥ مُسۡلِمُونَ ١٣٦

Айтинглар: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва Пайғамбарларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламасмиз ва биз Унга мусулмонлармиз». 56

Izohlar

56 (Қуръони Каримда зикри келган «асботлар»дан мурод — Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн икки нафар ўғлидан тарқалган зурриётлари. Демак, мусулмонлар уларнинг пайғамбарликларига ҳам иймон келтиришлари лозим.)

Tafsir

Эй мўминлар, ноҳақ, пуч даъво билан юрган яҳуд ва насороларга шундай денглар: "Биз Аллоҳга, бизга нозил қилинган Қуръонга иймон келтирдик. Иброҳим алайҳиссалом ва у кишинг ўғиллари Исмоил, Исҳоқ ва Яъқуб алайҳиссаломларга нозил қилинган ҳукмларга ишондик. Яъқуб алайҳиссаломнинг авлодидан бўлган пайғамбарларга нозил қилинган ҳукмларга иймон келтирдик. Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга берган Тавротга ва Ийсо алайҳиссаломга берган Инжилга иймон келтирдик. Аллоҳ ҳамма пайғамбарларга берган китобларга ишондик. Улардан бирортасини ажратиб, куфр келтирмаймиз. Ҳаммасига бирдек ишонамиз. Биз ҳар қандай нуқсондан пок Аллоҳга бўйсунувчилармиз, итоат этувчилармиз".