وَقَالُواْ كُونُواْ هُودًا أَوۡ نَصَٰرَىٰ تَهۡتَدُواْۗ قُلۡ بَلۡ مِلَّةَ إِبۡرَٰهِـۧمَ حَنِيفٗاۖ وَمَا كَانَ مِنَ ٱلۡمُشۡرِكِينَ ١٣٥
Улар: «Яҳудий ёки насроний бўлинг, ҳидоят топасиз», дерлар. «Балки, Иброҳимнинг ҳаниф миллатига (динига) эргашамиз ва у мушриклардан бўлмаган», деб айт. 55
Izohlar
55 (Яҳудий ва насронийларнинг гапи битта: униси, яҳудий бўлинг, ҳидоят топасиз, деса, буниси, насроний бўлинг, ҳидоят топасиз, дейди. Бунга жавобан эса, Аллоҳ Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга: «Яхшиси ҳаммамиз — сизлар ҳам, биз ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаниф миллатига эргашайлик», дейишни буюрмоқда. «Ҳаниф» дегани барча ботил динларни ташлаб ҳақ дин томон бурилишни англатади.)
Tafsir
Яҳудлар бу умматга, яҳуд бўлсангизлар, ҳидоят топасизлар, деган бўлса, насоролар, насоро бўлсангизлар, ҳидоят топасизлар, дедилар. Эй Муҳаммад алайҳиссалом, биз ботил динлардан ажралиб турадиган ҳақ динга, мушриклардан ажралиб турадиган Иброҳим динига эргашамиз, деб айтинг.