Al-Baqarah surasi, 113-oyat

2:113

وَقَالَتِ ٱلۡيَهُودُ لَيۡسَتِ ٱلنَّصَٰرَىٰ عَلَىٰ شَيۡءٖ وَقَالَتِ ٱلنَّصَٰرَىٰ لَيۡسَتِ ٱلۡيَهُودُ عَلَىٰ شَيۡءٖ وَهُمۡ يَتۡلُونَ ٱلۡكِتَٰبَۗ كَذَٰلِكَ قَالَ ٱلَّذِينَ لَا يَعۡلَمُونَ مِثۡلَ قَوۡلِهِمۡۚ فَٱللَّهُ يَحۡكُمُ بَيۡنَهُمۡ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ فِيمَا كَانُواْ فِيهِ يَخۡتَلِفُونَ ١١٣

Яҳудийлар: «Насронийлар арзимас нарсададирлар», дедилар. Насронийлар: «Яҳудийлар арзимас нарсададирлар», дедилар. Ва ҳолбуки, улар китоб тиловат қилурлар. Шунингдек, билмайдиган кимсалар ҳам уларнинг гапига ўхшаш гап айтдилар. Бас, қиёмат куни ораларида Аллоҳ улар ихтилоф қилган нарса ҳақида ҳакамлик қиладир. 48

Izohlar

48 (Самовий китоб эгаси бўлмаган халқлар оятда илоҳий таълимотларни «билмайдиган кимсалар», деб аталяпти. Улар ҳам яҳудий ва насронийларнинг гапларига ўхшаш гапларни айтадилар, яъни булар иккаласи ҳам ҳеч нарсага арзимайди, дейдилар. Улар тортишишган масаланинг ҳақиқий ҳукмини Аллоҳ таоло қиёмат куни Ўзи чиқаради.)

Tafsir

Яҳудийлар насронийларнинг дини тўғри эмас, дедилар. Насронийлар эса яҳудийларнинг дини тўғри эмас, дедилар. Ҳолбуки, ҳар иккиси ҳам улар инкор этаётган иш тўғри эканини, беистисно ҳамма пайғамбарларга бирдек иймон келтириш ҳақида буйруқ келганини ўзларининг китобларида ўқиган эдилар. Уларнинг бу ишлари ҳамма пайғамбарларни ҳам, уларга нозил қилинган китобларни ҳам ёлғон дейдиган билимсиз мушрикларнинг гапига ўхшайди. Шунинг учун Аллоҳ қиёмат куни бу тортишаётганлар ўртасида Ўзининг адолатли ҳукмини чиқаради. Бу адолат ҳақида Аллоҳ хабар бериб қўйган, яъни, нажот, Аллоҳ таоло нозил қилган нарсаларнинг беистисно ҳаммасига иймон келтиришдадир.