Al-An'am surasi, 112-oyat

6:112

وَكَذَٰلِكَ جَعَلۡنَا لِكُلِّ نَبِيٍّ عَدُوّٗا شَيَٰطِينَ ٱلۡإِنسِ وَٱلۡجِنِّ يُوحِي بَعۡضُهُمۡ إِلَىٰ بَعۡضٖ زُخۡرُفَ ٱلۡقَوۡلِ غُرُورٗاۚ وَلَوۡ شَآءَ رَبُّكَ مَا فَعَلُوهُۖ فَذَرۡهُمۡ وَمَا يَفۡتَرُونَ ١١٢

Шунингдек, ҳар бир Пайғамбарга инсу жин шайтонларини душман қилиб қўйдик. Уларнинг баъзилари баъзиларини ғурурга кетказишлари учун жимжимадор каломларни танларлар. Агар Роббинг хоҳласа, бундай қилмас эдилар. Бас, уларни ўзлари тўқиган нарсалари ила ёлғиз қўй! 41

Izohlar

41 (Аллоҳ таоло Ўз хоҳиши билан ҳар бир пайғамбарга инсий ва жинний шайтонларни душман қилиб қўйган экан. Жин шайтонлар одамларни иғво қилиб, васвасага солиб, залолатга чақириб турадилар. Аммо Аллоҳнинг зикри бор жойдан қочадилар. Аллоҳни эслаб турадиган мўмин-мусулмон кишига улар ўз таъсирларини ўтказа олмайдилар. Аммо одамдан бўлган шайтонлар эса, ҳамма-ҳаммасидан баттаридир. Улар доимо орамизда, кўзларимиз ўнгида туради. Аллоҳнинг зикрини қилсанг ҳам, қочмайди. Турли йўллар билан васваса қилиб, гуноҳ ишларга бошлайди. Инсу жин шайтонлари доимо ғавғо ва туғён билан машғулдирлар.)

Tafsir

Сизни мушрикларнинг адовати билан синаганимиздек, сиздан олдинги пайғамбарларга ҳам синов юбориб, уларга инсу жин шайтонларини душман қилиб қўйдик. Улар бир-бирларини алдаш учун ялтироқ сўзлар айтиб васваса қиладилар. Аллоҳ истаганида бундай қилмаган бўлардилар. Лекин Аллоҳ уларни синаш учун шуни хоҳлади. Бас, уларга эътибор берманг. Уларни куфру ноҳақликларига ташлаб қўяверинг!