مَّا كَانَ عَلَى ٱلنَّبِيِّ مِنۡ حَرَجٖ فِيمَا فَرَضَ ٱللَّهُ لَهُۥۖ سُنَّةَ ٱللَّهِ فِي ٱلَّذِينَ خَلَوۡاْ مِن قَبۡلُۚ وَكَانَ أَمۡرُ ٱللَّهِ قَدَرٗا مَّقۡدُورًا ٣٨
Набийга Аллоҳ унга фарз қилган нарсада бирон танглик бўлмас. Бу — олдин ўтганлар ҳақида ҳам Аллоҳ тутган йўлдир. Аллоҳнинг амри белгиланган қадар бўлди.
Tafsir
Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломга асранди ўғлининг хотинига уйланишни ҳалол қилди. Шундай бўлгач, бу ишда у зотга ҳеч қандай ноқулайлик ёки гуноҳ бўлмайди. Бу билан у киши олдинги пайғамбарларнинг йўлига эргашган бўлади. Ўзича бир янгилик ясаган бўлмайди. Асранди боланинг пушти камардан бўлган бола каби бўлмаслиги ва унинг талоқ қилган хотинига уйланишнинг мумкинлиги Аллоҳнинг ҳукмидир. Бу ишда Пайғамбар алайҳиссаломнинг фикри ёки ихтиёри йўқ. Бу Аллоҳ чиқариб қўйган ҳукм. Уни ҳеч қанақасига рад этиб бўлмайди.