۞ قُلۡ إِنَّمَآ أَعِظُكُم بِوَٰحِدَةٍۖ أَن تَقُومُواْ لِلَّهِ مَثۡنَىٰ وَفُرَٰدَىٰ ثُمَّ تَتَفَكَّرُواْۚ مَا بِصَاحِبِكُم مِّن جِنَّةٍۚ إِنۡ هُوَ إِلَّا نَذِيرٞ لَّكُم بَيۡنَ يَدَيۡ عَذَابٖ شَدِيدٖ ٤٦
Сен: «Мен сизга биргина насиҳат қилурман: Аллоҳ учун холис, якка-якка ва тўп-тўп туриб бир фикр юритиб кўринглар. Соҳибингизда жинга оид ҳеч нарса йўқ. У сизларга шиддатли азобдан олдинги огоҳлантиргувчи, холос», деб айт. 20
Izohlar
20 (Хоҳласангиз, биров халақит бермаслиги учун якка-якка туриб фикр юритинг. Хоҳласангиз, жамланиб, бир-бирингизни тўғрилаб, кўплашиб фикр юритинг. Фикрланг, ўйлаб кўринг-а! Соҳибингиз, биродарингиз ва ўзингиз яхши таниган шахс бўлмиш Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломда жинга оид ҳеч нарса йўқ. У жинни ҳам эмас, жинлар билан алоқадор ҳам эмас. Уни яхши танир эдингиз. У эсли-ҳушли, ақлли, тафаккурли, вазмин ва обрўйли бир одамлигини яхши биласиз. У айтаётган гаплар ҳам жинларнинг сўзи эмас, очиқ-ойдин, бақувват ва ҳикматли. У сизлар айтаётгандек, жинни ҳам, шоир ҳам, сеҳргар ҳам эмас.)
Tafsir
Эй Пайғамбар, анави мушрикларга айтинг: "Сизларга фақат биргина нарсани тавсия қиламан. Холис Аллоҳ учун жуфт-жуфт бўлиб ва ёлғиз ҳолингизда туринглар-да, кейин соҳибингиз ҳақида, унинг ақли, ростгўйлиги ва ҳалоллиги ҳақида фикр юритинглар. Ана шунда унда ҳеч қандай жиннилик йўқлигига ишонч ҳосил қиласизлар. У қаттиқ азоб олдидан сизларга юборилган бир огоҳлантиргувчи, холос. Ширкдан тавба қилмасангизлар, ўша азобга дучор бўласизлар".